ТИВ Лукашенко тарқатган сафсатага жавоб қайтарди
Жамият
−
06 Май 2022
19682Аввалроқ, Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Ўзбекистон Республикасининг Россия-Беларусь Иттифоқига қўшилишини айтган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Ташқи ишлар вазирлиги расмий изоҳ берди.
“Сўнгги вақтларда ҳодисаларни ёритишда холислик ва бетарафликка даъво қиладиган баъзи чет эл нашрлари айрим хорижий давлатлар раҳбарларининг Иттифоқ давлатини кенгайтириш ва унга Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақидаги асоссиз фикрларини тарқатишда давом этмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг хорижий ҳамкорлар билан дўстона муносабатларига путур етказиши мумкин бўлган бундай иғвогар ҳаракатларга йўл қўйилмаслигини яна бир бор таъкидлаймиз”, дейилади хабарда.
Вазирликнинг қайд этишича, Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллиги ва суверенитетини таъминлаш мақсадида фақат миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда бундан буён ҳам ўзи танлаган мустақил тараққиёт йўлида қатъий давом этади.
Қайд этиш керакки, Лукашенко биринчи марта Марказий Осиё давлатларининг Россияга қўшилиши ҳақида фикр билдирмаяпти. Бундан олдин россиялик журналист Владимир Соловьёвга берган интервьюсида у Ўзбекистон иқтисодий зарурат туфайли Россия ва Беларуснинг Иттифоқ давлати таркибига кириши мумкинлигини айтганди.
Эслатиб ўтамиз, Лукашенко Қозоғистонда январь бошида юз берган ҳодисалардан қўшни Ўзбекистон ҳам ўзига етарлича сабоқ чиқариб олиши кераклиги ҳақида фикр билдирган.
Унинг сўзларига жавобан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат ҳар қандай ташқи таҳдидларга қарши муносиб жавоб қайтара олишини маълум қилганди.
LiveБарчаси