“Тинч уйқу тугади”. Туск Медведевнинг баёнотини жиддий қабул қилишга чақирди
Олам
−
30 Май 6967 2 дақиқа
Польша Бош вазири Дональд Туск Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевнинг Европа фуқаролари учун “тинч уйқу тугади” деган баёнотини жиддий қабул қилиш кераклигини билдирди. Бу ҳақда у Х ижтимоий тармоғида ёзиб қолдирди.
Тускнинг ёзишича, НАТО давлатлари Медведевнинг сўзлари ва сўнгги воқеаларга бефарқ қарамаслиги лозим.
“Кеча Россиянинг собиқ президенти Дмитрий Медведев Европа Иттифоқи фуқароларининг тинч уйқуси тугаганини айтди. НАТОдаги барчамиз ниҳоят бу фактлар ва баёнотларни жиддий қабул қилишни бошлашимиз керак”, дея ёзган Бош вазир.
У ўз постида Польша, Болтиқбўйи давлатлари ва Руминияда кузатилган дронлар билан боғлиқ ҳодисаларни ҳам эслатиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Медведев Европа Иттифоқи давлатлари “бир томонлама равишда Россияга қарши урушга киришганини” даъво қилиб, Европа фуқароларини ҳушёр бўлишга чақирган эди.
“Ҳушёр бўлинг ва ҳеч нарсадан ҳайратланманг. Тинч уйқу тугади. Нима учун бундай бўлганини эса кимдан сўраш кераклигини биласиз”, деган Медведев.
Кейинчалик у бошқа баёнотида ҳам Европа фуқаролари энди хотиржам ухлай олмаслигини таъкидлаб, Европа давлатларини Россияга қарши урушнинг бевосита иштирокчилари деб атаган.
Бу баёнотлар Руминияда дрон қулаб тушган воқеадан сўнг янгради. Ҳодиса оқибатида ёнғин юзага келган, бир неча киши жароҳатланган ва қарийб 70 нафар аҳоли эвакуация қилинган. Воқеадан кейин Руминия Россия элчисини Ташқи ишлар вазирлигига чақирган.
Россия Президенти Владимир Путин эса дроннинг қайси томонга тегишли эканини фақат батафсил тергов ва экспертизадан кейин аниқлаш мумкинлигини билдириб, илгари ҳам Болтиқбўйи давлатлари ҳудудига Украинага тегишли дронлар кириб қолганини эслатган.
Live
Барчаси