TikTok юлдузи ўз қиёфасини қарийб 1 млрд долларга сотди
Олам
−
26 Январь 10744 2 дақиқа
TikTok юлдузи, келиб чиқиши сенегаллик Ҳаби Лейм (Khaby Lame) интеллектуал мулк ҳуқуқи бўйича 975 миллион долларлик битим тузди. Бу ҳақда “Tell News Magazine” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, ушбу сумма эвазига АҚШнинг Rich Sparkle Holdings компанияси уч йил муддатга блогернинг интеллектуал мулкидан эксклюзив фойдаланиш ҳуқуқини, жумладан, унинг сунъий интеллект асосидаги рақамли нусхасини яратиш имконини қўлга киритган.
Муҳим жиҳат шундаки, Ҳаби Лейм тўловни оддий шаклда олмаган. Аксинча, у Rich Sparkle Holdings компаниясининг назорат пакетига эга акциядорига айланган ва шу тариқа таъсир доираси кенг бўлган контент яратувчидан корпоратив ўйинчига айланган.
Мутахассисларнинг тушунтиришича, битим тузилиши унинг миқёси каби инқилобий ҳисобланади. Қисқа муддатли реклама шартномалари ёки бир марталик тўловлар ўрнига Лейм компаниядаги улушга таянишни танлаган ва узоқ муддатли назорат ҳамда кенгайиш анъанавий инфлюэнсер даромадидан кўра кўпроқ фойда келтиришига умид қилмоқда.
Нашрга кўра, Леймнинг йўли ижтимоий тармоқлардаги муваффақият қоидаларини бутунлай қайта ёзган: COVID-19 пандемияси пайтида Италиядаги заводдан ишдан бўшатилган оддий ишчидан TikTok’даги 160 миллиондан ортиқ обуначига эга энг машҳур контент яратувчисига айланган. Сўзсиз тушунтириладиган минималистик контент унга дунёнинг йирик брендлари билан ҳамкорлик қилиш имконини берган.
Компания прогнозларига кўра, Леймнинг аудиторияси ижтимоий тармоқлардаги савдони фаол ривожлантириш, лицензиялаш ва сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда контент яратиш орқали йилига 4 миллиард доллардан ортиқ айланма келтириши мумкин.
Битим эълон қилинганидан сўнг молия бозорлари дарҳол реакция билдирган: Rich Sparkle Holdings акциялари бир савдо куни ичида 250 фоиздан кўпроқ ошган.
Live
Барчаси