Тезюрар поезд темир йўлда ишлаётган 4 ишчини уриб кетди (видео)
Олам
−
18:23 6336 1 дақиқа
Япониянинг Точиги префектурасида тезюрар поезд темир йўлда ишлаётган 4 нафар ишчини уриб кетди. Уларнинг барчаси ҳалок бўлган. Бу ҳақда “The Japan Times” хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса бугун, 20 август куни соат 10:45 атрофида Точиги префектурасининг Канума шаҳридаги Тобу Никко линиясига қарашли Син-Канума станциясида содир бўлган. Tobu Railway маълумотига кўра, ҳодиса вақтида 7 нафар ишчи темир йўл изларида бегона ўтларни тозалаш ишларини олиб борган. Шу пайтда Тобу Никко станциясидан Токио шаҳридаги Тобу Асакуса станцияси томон ҳаракатланаётган Spacia X2 тезюрар поезди ишчиларни уриб кетган.
Уларнинг уч нафари темир йўл изларидан, яна бири эса поезд платформасидан топилган. 50–60 ёшлардаги тўрт нафар эркак шифохонага олиб кетилган ва уларнинг барчаси вафот этгани тасдиқланган. Поездда тахминан 50 нафар йўловчи бўлган. Улар орасида жабрланганлар қайд этилмаган.
Ҳодисадан сўнг Син-Точиги ва Симо-Имайити станциялари ўртасида поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилган. Транспорт қатнови соат 15:22 да қайта тикланган. Ҳозирда полиция ҳодиса сабабларини аниқламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Польшанинг ғарбий қисмида ичида 200 нафар йўловчиси бўлган икки йўловчи поезди тўқнашиб кетгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси