Тез орада Ер юзидан йўқ бўлиб кетадиган давлатлар номи маълум бўлди
Олам
−
05 Ноябрь 2021
67405Глобал исиш туфайли музларнинг эриши ва денгиз сатҳининг кўтарилиши бир қанча орол давлатларининг йўқ бўлиб кетишига олиб келади. Бу ҳақда “Express” газетаси ёзмоқда.
Иқлим ўзгариши таъсир қилиши мумкин бўлган ҳудудларга Кирибати, Тувалу ва Маршалл ороллари киради. Кирибатидаги нодавлат экологик ташкилотларининг глобал тармоғи Climate Action Network координатори Пелениза Алофанинг айтишича, Глазгодаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти саммити орол давлати учун муҳим воқеадир.
У денгиз сатҳининг кўтарилиши ва кучайиб бораётган тропик бўронлар минтақадаги одамлар ҳаёти ва қишлоқ хўжалигига таҳдид солаётганини эслатган.
“Гап бир марта содир бўладиган воқеалар ҳақида эмас. Гап уйларимизни бутунлай ютиб юбориши мумкин бўлган табиий ҳодиса ҳақида кетмоқда”, дейди Алофа.
Таъкидланишича, Кирибати собиқ Президенти Аноте Тонг Глазгодаги COP26 саммитида сўзлаган нутқида иқлим ўзгариши ўз мамлакати учун таҳдид солаётгани ҳақида гапирган. У Австралиянинг бу борадаги сиёсатини ҳам танқид қилган.
Олимлар глобал исишнинг салбий оқибатларини юмшатиш учун Ердаги ҳарорат кўтарилишини Цельсий бўйича бир ярим-икки даражагача чеклаш зарурлигини бир неча бор таъкидлаган. Шу мақсадда 2015 йилда 190 дан ортиқ давлат Париж битимини имзолаган бўлиб, унда ушбу мақсадга эришиш учун аниқ ҳаракатлар режаси кўзда тутилган.
Ҳужжат қазиб олинадиган ёқилғидан бутунлай воз кечишни назарда тутмайди, бироқ давлатлар иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш ва қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш чораларини кўриши керак.
Маълумот ўрнида, жорий йил 31 октябрдан 12 ноябргача Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Шотландияда Бутунжаҳон иқлим конференцияси бўлиб ўтмоқда.