Терисини шилишдан, болаларга қалам тутқазишгача. Дунё коррупция билан қандай курашиб келмоқда?
Таҳлил
−
09 Декабрь 2020
135159 декабрь – БМТнинг ташаббуси билан 2004 йилдан буён нишонлаб келинаётган коррупцияга қарши халқаро кун. Давлат секторидаги коррупция ҳозирги замоннинг асосий муаммоларидан бири бўлиб, унинг муваффақиятли ечимига давлат ва умуман жамиятнинг муваффақиятли ривожланиши боғлиқдир.
Ҳар йили январь ойида коррупциявий ҳолат бўйича давлатлар рейтингини эълон қилувчи Transparency International халқаро нодавлат ташкилоти томонидан юритиладиган “Коррупцияни тасаввур қилиш” рейтингининг сўнгги маълумотларига кўра, Ўзбекистон 25 балл билан 5 поғонага юқорилади ва 153-ўринни эгаллади. Бу олдинги йилларга нисбатан яхши ҳолатдир. Жаҳон миқёсида ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган Шарқий Европа давлатларидан, Грузия (56-балл), Беларусь (45-балл) ва Черногория (45-балл) қайд этилган. Шу билан бирга, Марказий Осиё давлатларидан: Туркманистон 19-балл, Ўзбекистон ва Тожикистон 25-баллдан тўплашди.
Дунёнинг бошқа давлатлари қатори Ўзбекистон ҳам коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб бормоқда. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда 2021-2025 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш миллий стратегияси ишлаб чиқилмоқда.
“Чунки коррупция – бу давлатимизни ич-ичидан емириб, миллий хавфсизлигимизга раҳна соладиган ғоят хатарли таҳдид ва унга қарши муросасиз кураш олиб бориш – барчамизнинг бурчимиздир”, деган эди Президент Конституция куни муносабати билан йўллаган байрам табригида.
Хўш, жаҳондаги давлатлар коррупцияга қарши курашиш учун қайси усуллардан фойдаланади, қандай самарали йўллардан боради? Бу мамлакатларга коррупцияга қарши курашда қандай ёрдам беради? Биз коррупцияга қарши кураш бўйича жаҳон тажрибасини таҳлил қилишга ва энг қизиқарли усуллар ҳақида сўзлашга қарор қилдик.
Пора бериш одатий ҳолга кирган ва ҳар қандай масала расмийлар иштирокида ҳал қилинадиган Ҳиндистонда "Бешинчи колонна" деб номланган коррупцияга қарши курашиш жамоат ташкилоти тузилди. 2010 йилда ташкилот томонидан айнан товламачилар учун махсус купьюра чиқарилди. Ушбу купьюра одатийсига ўхшайди, аммо унда "пулни қалбакилаштириш қонун билан жавобгарликка тортилади", деган ёзув ўрнига "пора бериш қонун билан жазоланади", деган огоҳлантириш мавжуд. Банкнота ноль номинал қийматга эга. “Бешинчи колонна” жамиятидагиларнинг маълум қилишича, одамлар бу ғояни яхши кутиб олган ва банкнотлар адади кўп миқдорда босиб чиқарилган.
Чехия пойтахти Прагада ғайриоддий техника қўлланилади. Маҳаллий сайёҳлик компанияси шаҳар меҳмонларини "Коррупция сафари" деб номланган тадбирда иштирок этишга таклиф қилади. Уч соатлик экскурцияда порахўрлик қилган машҳур сиёсий мансабдор ва бошқа давлат амалдорларининг ҳашаматли қасрлари, уйлари ва жойлари намойиш этилади. Мазкур экскурция коррупцияни "энг ижтимоий ёвузлик", деб атайдиган Чехия ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланади.
Коррупцияга қарши ўзининг қаттиқ қонунлари билан машҳур Хитойда мазкур жиноятга нисбатан ўлим жазосига қадар жазо берилади. Пора олувчиларнинг қўлларини кесиб ташлаш ҳам одат тусига кирган. Маълумотларга кўра, 2003 йилдан буён айбдорлиги исботланган 10 минг амалдор оммавий равишда отиб ташланган. Яна 120 минг киши 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этилган. Шунга қарамай, Хитойда коррупция юқори даражада қолмоқда. Булар оддий пул кўринишида пора беришдан, то сиёсий даражадаги ҳолатларда ҳам кўзга ташланмоқда.
Коррупция рейтингида 127-ўринни эгаллаган Покистонда ҳар йили умуммиллий болалар расмлари танлови ўтказилади. Ғолибларнинг "ёмон амакилар" ҳақидаги асарлари махсус рисола саҳифаларида ва ҳаттоки реклама пештахталарида нашр этилади.
Собиқ иттифоқ тажрибаси ҳам қизиқ. Коррупция хиёнат билан тенглаштирилиб, тўғридан-тўғри давлатнинг иқтисодий хавфсизлигига таҳдид сифатида талқин қилинган. Ушбу жиноятга мол-мулкни мусодара қилиш билан ўлим жазоси, айрим ҳолларда мол-мулкни мусодара қилиш билан 10 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси берилган.
Жанубий Кореяда коррупция ҳукумат вакиллари орасида бўлаётгани тасдиғини топса, бу хабар эгасига 1,7 миллион долларгача миқдорида мукофот пули олиши мумкин.
2004 йил Грузияда 30 000 нафар полиция ходими коррупцияга қўл ургани учун ишдан ҳайдалди. Шундан сўнг, ҳукумат ҳуқуқ-тартибот идораларида ўзгача усул қўллади. Яъни, улар ишлайдиган биноларнинг деворлари ўрнига шиша-деворлардан фойдаланиш бошлади. Бу билан ҳуқуқ посбонларининг қилаётган ишлари очиқ-ойдин кўриниб турарди. Бу иш берди. 2010 йилга келию мамлакатда ҳуқуқ тартибот идораларида коррупция ҳолати 67 фоизгача пасайди.
Агар украиналик амалдор порахўрликда айбдор деб топилган бўлса, у даромадлар тўғрисидаги декларациядаги “пора” устунида қанча пора олганини кўрсатиши керак бўлади.
Геродотнинг ёзишича, форслар ҳукмдори Камбис пора эвазига нотўғри ҳукм чиқарган судьяни терисини шилдирган ва кейинги судья ўтирадиган курсини у билан қоплатган.
Бундай факт ва маълумотлар жуда кўп. Ҳар бир даврда коррупцияга қарши турли йўллар билан курашилмоқда. Аммо Жаҳон банкининг сўнгги маълумотларига кўра, бутун дунёда коррупцияда айланадиган пулнинг йиллик миқдори 1 триллион долларни ташкил этади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь