Telegram ва Instagram’da сохта савдо орқали 11 кишини чув туширган ўсмир ушланди

3-саҳифа

−

image

Тошкент вилоятида Instagram ва Telegram орқали автомобиллар учун қўшимча эҳтиёт қисмлар ҳамда аксессуарлар сотишни ваъда қилиб, фуқароларнинг пулларини ўзлаштирган шахс ушланди. Дастлабки терговда унинг 11 та фирибгарлик ҳолатига алоқадорлиги аниқланган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълум бўлишича, жабрланувчилардан бири Instagram орқали танишган номаълум шахсдан автомобиль учун қўшимча эҳтиёт қисмлар сотиб олмоқчи бўлган. У Telegram орқали юборилган банк картаси рақамига 1 миллион 940 минг сўм ўтказган, бироқ буюртмасини ололмаган. Шундан сўнг Нурафшон шаҳар Ички ишлар бўлимига мурожаат қилган.

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида фирибгарликни 2008 йилда Сирдарё вилоятида туғилган шахс содир этгани аниқланган. У аввал Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми “б“, “в“ ва “г“ бандлари билан бир неча марта судланган.

Терговга кўра, у Telegram ва Instagram’да сохта аккаунт очиб, турли Telegram канал ва гуруҳларига автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар ва аксессуарлар сотилиши ҳақида эълонлар жойлаштирган. Фуқаролар билан алоқага чиқиш учун эса танишлари номига расмийлаштирилган бир нечта телефон рақамларидан фойдаланган.

У маҳсулотларни харид қилиш истагида бўлган фуқаролардан бошланғич тўлов сифатида 300 минг сўмдан 2 миллион сўмгача пул ўтказишни сўраган. Бироқ пулни олганидан кейин буюртмаларни етказиб бермаган.

Олиб борилган дастлабки тергов ва тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида унинг жами 11 та фирибгарлик ҳолатини содир этгани аниқланган. Ушбу ҳолатлар бўйича жабрланувчиларга 10 миллион 645 минг сўм моддий зарар етказилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида фуқароларни “Акция ғолиби бўлдингиз“ дея алдаб, уларнинг кредит ва микроқарз маблағларини ўзлаштирган ноқонуний колл-марказ – “кибербункер“ фаолияти фош этилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг