Telegram катта янгиланишни тақдим этди
Технология
−
01 Апрель 11506 2 дақиқа
Павел Дуров ва унинг жамоаси Android ҳамда iOS учун Telegram’нинг катта янгиланишини ўтказди. Мессенжер фойдаланувчилари учун СИ-матн таҳрирловчиси (сунъий интеллект) ва ҳужжатларни сканер қилиш имкониятлари очилди.
Иловага матндаги хатоларни тузатишга, унинг услубини ўзгартиришга ёки бошқа тилга таржима қилишга ёрдам берадиган ассистент қўшилди. Шунингдек, у эможиларни ҳам жойлаштириши мумкин. Бир нечта функциялар бепул тақдим этилган, асосий қисми эса Premium фойдаланувчилари учун мавжуд.
iOS тизимида телефон камераси ёрдамида ҳужжатларни сканер қилиш ва бир нечта тасвирни ягона PDF-файлга бирлаштириш имконияти пайдо бўлди.
Telegram’нинг расмий бўлмаган (учинчи томон) мижозларидан фойдаланувчиларнинг профилларида махсус огоҳлантириш кўринадиган бўлади.
Яна бир функция — сўровномаларнинг глобал яхшиланиши бўлиб, унга бирданига ўнта янгилик киритилди. Улар орасида сўровномани тугатиш таймерларини ўрнатиш, жавобларга медиафайллар ёки жойлашувни қўшиш, вариантлар тартибини тасодифий қилиш ва фойдаланувчиларга янги вариантлар таклиф қилишга рухсат бериш имкониятлари бор.
Энди “жонли” фотосуратларни (live photos) юбориш мумкин. Бунинг учун уч хил услуб мавжуд: биринчиси – сурат очилганда жонли тасвирни бир марта ижро этади, иккинчиси – уни тинимсиз такрорлайди, учинчиси эса олдинга ва орқага айланма тарзда ижро этади.
Фойдаланувчилар атиги бир неча бор тугмани босиш орқали ўзларининг шахсийлаштирилган ботларини яратиши мумкин.
Мусиқаларни сақланган треклар орасидан қидириш, шунингдек, қурилма хотирасидан ёки Telegram’даги умумий аудиоёзувлардан тўғридан тўғри юклаб олиш мумкин бўлди.
Шунингдек, “эслатиб ўтиш” ва реакциялар дизайни қайта ишланди. Сўровномалардаги янги овозлар ҳақидаги билдиришномалар энди тўғридан тўғри чатлар рўйхатида пайдо бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Meta компанияси бир нечта давлатда Instagram учун Instagram Plus деб номланган премиум-обунани синовдан ўтказаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси