Телефондаги нола: Исроил 5 яшар Ҳинд Ражабни ўлдирганини тан олди
Олам
−
21:14 1956 2 дақиқа
Исроил Мудофаа армияси (ЦАХАЛ) 2024 йилнинг январида Ғазо секторида ҳарбийлар беш яшар Ҳинд Ражаб ва унинг оиласининг олти нафар аъзоси бўлган автомобилга қарата ўт очганини расман тан олди. Бу ҳақда “The Guardian” газетаси хабар берди.
Қизча ва унинг оила аъзоларининг ўлдирилиши халқаро ҳамжамиятда кучли ғазаб ва норозилик уйғотган. Машина ўққа тутилганидан сўнг жароҳатланган бола уч соат давомида Қизил Ярим Ой жамиятининг диспетчерлик хизмати билан алоқада бўлиб, уни қутқаришларини сўраб ёлворган. Ҳиндни ҳодиса жойидан олиб чиқишга уриниш чоғида икки нафар фаластинлик тиббиёт ходими ўлдирилган, қизчанинг жасади эса 12 кундан кейин топилган.
Исроил ҳарбийлари Ҳинд ва унинг оиласи ўлимига алоқадорлигини бир неча бор рад этган, бироқ ўтказилган мустақил суриштирувлар қизчанинг ўлими ЦАХАЛ томонидан ўққа тутилиши оқибатида юз берганини тасдиқлади. Исроил ҳукумати қотиллик факти бўйича тергов ўтказилишини маълум қилди.
Жиноий тергов бошланадиган иккинчи эпизод – 2025 йилнинг мартида Рафаҳда 15 кишининг ҳалок бўлишидир. Ўшанда Исроил ҳарбийлари чақирувга чиққан ва йўқолган ҳамкасбларини қидираётган тез ёрдам машиналарига қарата ўт очган. Ўшанда 8 нафар тиббиёт ходими, 6 нафар қутқарувчи ва БМТнинг бир нафар ходими ҳалок бўлган. Исроил ҳарбийлари уларнинг мурдаларини оммавий қабристонга дафн этган.
Исроил ҳарбий прокуратураси Исроил аскарларининг Ғазодаги ҳаракатларига оид жами 150 та ишни кўриб чиққан. Улардан бештаси бўйича қарор қабул қилинган.
Ҳарбийларнинг маълум қилишича, бошқа учта ҳолат улар ҳам шов-шувли бўлишига қарамай, тергов қилинмайди, чунки улар “жиноий ҳуқуқбузарлик содир этилганида етарли асос ва гумонларни уйғотмаган”.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг сентябрь ойида тунислик режиссёр Каутер Бен Ҳаниянинг “Ҳинд Ражабнинг овози” бадиий фильми Венециядаги 82-халқаро кинофестивалда “Кумуш шер” мукофотини қўлга киритганди. Фильмда қизчанинг шифокорларга қилган телефон қўнғироғининг ҳақиқий аудиоёзувидан фойдаланилган. Фильмнинг илк намойиши вақтида у рекорд даражада узоқ давом этган қарсаклар билан эътироф этилди. Қарсаклар 23 дақиқадан ортиқ давом этди ва фестиваль рекордини ўрнатди.
Live
Барчаси