Тель-Авивдаги отишмада 6 киши ҳалок бўлди
Олам
−
02 Октябрь
9330Кеча, 1 октябрь куни Исроилнинг Тель-Авив шаҳри Яффа ҳудудида отишма ва пичоқли ҳужум оқибатида 6 киши ҳалок бўлди, 10 киши яраланди. Бу ҳақда “The Guardian”нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Эрон Исроилга йирик ракета ҳужумини уюштиришидан бир неча дақиқа олдин икки эркак поездда ва унга яқин бўлган кўчада ўт очиб, одамларни пичоқлаб, отиб ўлдирган. Ярадорлардан беш нафарининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.
Видеокузатув камераси тасвирларига кўра, тўппонча ва пичоқ билан қуролланган қора кийимли икки эркак темирйўл бекати яқинида поезддан тушиб, ўткинчиларга ўт очган.
“Аввалига биз бу салют деб ўйлагандик, лекин кейин бу баттарроқ нарса эканини англадик. Кўп ўқ овозлари эшитилди. Биз ерга тушдик, одамлар йиғлашди. Мен ерда қон оқаётган одамни кўрдим”, дейди гувоҳлардан бири.
Ҳужум акс этган видеода бир қанча жасадлар поезд станциясида “чўзилиб” ётгани, ижтимоий тармоқларда тарқатилган бир суратда эса эркаклар ярадорлардан бирини ерда ётган ҳолда қатл қилаётгани акс этган.
Нашрга кўра, ҳужумчилар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ўлдирилган. Полиция отишма содир этганликда гумон қилинаётган учинчи шахсни ҳам қўлга олган ва ҳозирда тергов ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистонда хорижлик дипломатлар машинасига ҳужум уюштирилганди.