Техникум битирувчиларини ОТМга имтиҳонсиз қабул қилиш тартиби ишлаб чиқилди

Жамият

image

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари ҳузуридаги техникумларнинг битирувчиларини олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Низом республика олий таълим муассасалари ҳузуридаги техникумларнинг кундузги таълим шаклини муваффақиятли тамомлаган битирувчиларни ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз, якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларига қўшимча қабул кўрсаткичлари асосида ўқишга қабул қилиш тартибини белгилайди.

Низом лойиҳасига кўра, бунда ўқиш тўлов-контракт асосида ҳамда техникум бўйсунуви бўйича тегишли ОТМнинг сиртқи, кечки ва масофавий таълим шаклларига амалга оширилади. 

Агар тегишли ОТМда муайян таълим йўналиши (курси) бўйича сиртқи, кечки ва масофавий таълим шакли мавжуд бўлмаган тақдирда кундузги таълим шаклига қабул амалга оширилади.

Қабул комиссияси томонидан ҳар йили 5 июлдан 25 июлгача техникум битирувчиларидан ҳужжатлар қабул қилинади. Техникум битирувчилари олий таълим муассасаси қабул комиссияссига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

•    таълим йўналиши, ўқув тили, шакли кўрсатилган ҳолдаги ариза;

•    мазкур олий таълим муассасаси ҳузуридаги техникумни тугатганлиги ҳақидаги ҳужжат ва унинг иловаси асл нусхалари;

•    паспортнинг нусхаси;

•    3,5 x 4,5 см ўлчамдаги 6 дона рангли фотосурат;

•    мазкур Низомнинг 11-бандида қайд этилган имтиёзларни тасдиқловчи ҳужжат (мавжуд бўлса).

ОТМларга якка тартибдаги суҳбат орқали қабул қилиш учун ўтказиладиган танловда иштирок этувчилар тоифасига техникумда ўқиш даврида ўзлаштириш баҳолари фақат “аъло” ва “яхши” бўлган, шу жумладан, ўзлаштириш баҳоларининг камида 50 фоизи “аъло” бўлган фуқаролар киради.

Шунингдек, халқаро тан олинган чет тилини билиш даражаси ҳақидаги сертификат (TOEFL бўйича камида 72 ёки IELTS бўйича камида 5,5 балл, TestDaF (TDN3), CEFR бўйича камида В2) ёки ДТМ томонидан бериладиган Чет тилини билиш даражаси ҳақидаги В2 ёки С1 даражасидаги сертификатга эга бўлган ҳамда муайян таълим йўналишига мос фанлар бўйича Республика олимпиадасида совриндор бўлган (1-3-ўринни эгаллаган) техникум битирувчилари суҳбатдан озод этилади ва талабаликка тавсия этилади.

Маълумот учун, талабаликка тавсия этилганлар белгиланган муддатларда тўлов-контракт шартлари бажарилгандан сўнг олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи билан муайян таълим йўналишига 2-курсга ўқишга қабул қилинади.


Мақола муаллифи

Теглар

ОТМ техникум

Баҳолаганлар

971

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг