Тайванда савдо марказида кучли портлаш содир бўлди. Қурбонлар бор (видео)
Олам
−
13 Февраль 2025 4775 2 дақиқа
Бугун, 13 февраль куни Тайваннинг марказий қисмида жойлашган Тайчжун шаҳридаги савдо марказида газ портлаши оқибатида камида беш киши ҳалок бўлди ва етти киши жароҳат олди. Бу ҳақда ёнғин хавфсизлиги хизматига таяниб, “Bangkok Post” нашри хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, портлаш бинонинг қурилиш олиб борилаётган 12-қаватида содир бўлган. Қурилиш ишлари туфайли шу қаватдаги овқатланиш корти ёпиқ бўлган.
“Мен соат 11:30 атрофида шаҳар ҳокимияти биносида ишлаётган эдим ва у “Shin Kong Mitsukoshi” савдо маркази ёнида жойлашганлиги сабабли, тебранишни ҳис қилдим. Портлаш жуда жиддий, қутқарув ишлари давом этмоқда”, деди маҳаллий аҳоли вакили Лу.
Миллий ёнғин хавфсизлиги агентлигига кўра, камида беш киши ҳалок бўлган, яна 20 киши жароҳатланган. Бинодан ва унинг атрофидан тахминан 235 киши эвакуация қилинган.
Тайчжун ёнғин хавфсизлиги хизмати томонидан эълон қилинган видеода кўрсатилишича, ўт ўчирувчилар бинога кирганида портлаш содир бўлган қават деярли бутунлай вайрон бўлган. Кадрларда бузилган конструксиялар ва эгилган металл бўлаклари шифтга илиниб қолгани, пол эса бутунлай вайрона қолдиқлари билан қоплангани акс этган.
Қайд этилишича, қутқарув ишлари давом этмоқда, воқеа жойида 130 дан ортиқ ўт ўчирувчи жалб қилинган. Маҳаллий ОАВ томонидан эълон қилинган тасвирларда тез ёрдам машиналари ва фавқулодда хизмат ходимлари ҳудудни тўсиб, тўшакларда жабрланувчиларни олиб кетаётгани акс этган.
Маълумот учун, мазкур савдо маркази Тайваннинг Shin Kong Group ва Япониянинг Isetan Mitsukoshi Holdings Limited компаниялари томонидан қўшма равишда бошқарилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия пойтахти Москва шимоли-ғарбидаги “Алые паруса” тураржой мажмуасида портлаш содир бўлган эди. Портловчи мосламанинг ишга тушиши оқибатида 4 киши жароҳатланган, 2 киши ҳалок бўлган. Улардан бири АрБат батальонининг асосчиси Армен Саркисян.
Live
Барчаси