Tax Gap тизими бекор қилинади
Жамият
−
18 Август 2023
10203Жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб, қўшилган қиймат солиғини қайтаришда солиқ узилиши коэффициентини қўллаш амалиёти, яъни Tax Gap бекор қилинади. Бу ҳақда бугун, 18 август куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан бўлиб ўтаётган очиқ мулоқотида маълум қилинди.
Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман соҳа вакиллари билан бирга тадбиркорларнинг очиқ-ошкора рейтингини жорий қилади.
Бунда, келгуси йил 1 январдан бошлаб рейтинги юқори корхоналар:
- барча турдаги солиқ текширувларидан озод қилинади;
- уларга қўшилган қиймат солиғининг ортиқча қисми бир кунда қайтариб берилади;
- қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномасини вақтинчалик тўхтатиб туриш амалиёти бекор қилинади.
Президент йиғилишда ҳозирда камерал назорат тўлақонли солиқ текширувига айланиб кетгани ва бу коррупцияга ҳам йўл очиб бераётганини кўрсатиб ўтган.
Эндиликда камерал назоратда тадбиркордан ҳужжат талаб қилиш ёки уни идорага чақириш қатъиян тақиқланади.
Шунингдек, алоҳида очиқ-ошкора платформа яратилиб, солиқчилар кўрсатган хизматлар сифатига тадбиркорларнинг ўзи баҳо берадиган тизим йўлга қўйилади.
Ҳозирда солиққа оид битта ҳуқуқбузарлик учун тадбиркор сифатида молиявий жарима, жисмоний шахс сифатида маъмурий жарима қўлланилмоқда. Эндиликда бундай амалиёт бекор қилиниши таъкидланган.
Жарималар тадбиркорлар фаолиятининг тўхтаб қолишига сабаб бўлмаслиги кераклиги айтиб ўтилди. Шу нуқтаи-назардан уч ойда барча молиявий санкциялар қайта кўриб чиқилиб, адолатли меъёрлар белгиланади.
Маълумот учун, Tax Gap тизими бу давлатга қонуний равишда тўланадиган тўлиқ потенциал солиқ тушумлари ва ҳақиқий ундирилган солиқ тушумлари ўртасидаги фарқ. Мамлакатда Tax Gap’нинг ҳажмини белгиловчи асосий ўзгарувчиларга иқтисодиётнинг тузилиши, қонун устуворлиги ва солиқ ахлоқи киради.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь