“Тавба зиёрати”: Рим папаси Канадага бориб, ҳиндулардан кечирим сўради

Олам

image
0:00
0:00
download

Рим папаси Франциск Канадага сафари чоғида католик черкови ва насронийлар иштирокидаги мажбурий ассимиляция сиёсати чоғида маҳаллий аҳолига етказилган зарар учун узр сўради.

Франциск ҳинду оилалари фарзандлари мажбуран жўнатилган интернатларнинг “ҳалокатли” ролини таъкидлаб, у ерда содир бўлган воқеаларни “жиддий текшириш”га чақирди. У мактаб-интернатлардан ўтган икки минг киши олдида узр сўраб нутқ сўзлаган.

“Бугун мен шу ерда, қадимий хотиралар билан бир қаторда ҳали ҳам очиқ яралар изларини сақлаб қолган заминдаман. Мен шу ердаман, чунки тавба зиёратимнинг биринчи қадами яна истиғфор сўраш, чуқур афсусда эканлигимни яна бир бор айтишдир. Афсуски, кўплаб насронийлар маҳаллий халқларни эзган ҳокимиятнинг мустамлакачилик нуқтаи назарини қўллаб-қувватлаганидан афсусдаман. Айниқса, черков ва диний жамоаларнинг кўплаб аъзолари, айниқса, бефарқликлари туфайли, маданий вайронагарчилик ва мажбурий ассимиляция қилиш лойиҳаларига жалб қилингани учун узр сўрайман.

Халқларингизнинг асл ўзига хослигини ташкил этган қадриятлар, тил ва маданиятнинг мустаҳкам замини қандай емирилиб кетгани ва бунинг нархини тўлашда давом этаётганингиз ҳақида ўйлаш оғриқли. Даҳшатли ёвузлик қаршисида черков Худо олдида тиз чўкиб, фарзандларининг гуноҳлари учун кечирим сўраб ибодат қилади. Мен камтарлик билан кўплаб масиҳийларнинг маҳаллий халқларга нисбатан қилган зулми учун кечирим сўрайман”, деган Рим папаси Франциск.

Маросим сўнгида ҳинду раҳбарлари Рим папасига анъанавий патлардан ясалган тож совға қилишган.

Рим папаси Канадага қилган сафарини “тавба зиёрати” деб атаган. Бир неча ой олдин Канаданинг туб аҳолиси вакиллари Френцискни Ватиканда зиёрат қилишган ва Папа у ерда черковнинг ҳиндуларни таъқиб қилишдаги роли учун биринчи марта кечирим сўраганди. Маҳаллий халқлар вакиллари ва Канада расмийлари Канада тупроғида ҳам кечирим сўрашни зарур деб билишларини айтишган.

Канадада болаларнинг оммавий қабрлари топилилиши

Ўтган йилнинг 29 май куни Канадада биринчи номсиз қабрлар топилган эди. 215 нафар вояга етмаган болаларнинг жасади, Канаданинг Британия Колумбияси, Камлупс шаҳридаги маҳаллий болаларни ассимиляция қилиш бўйича собиқ мактаб ўрнида топилган, уларнинг баъзилари уч ёш бўлган.

Кейинчалик, 24 июнь куни Канаданинг Саскачеван шаҳридаги Кауэссесс жамияти раҳбари Кадмус Делорм мамлакат ғарбидаги Саскачеван шаҳрида 1990 йилларгача фаолият юритган ҳинду болалари учун собиқ черков интернат-мактаби ҳудудида 751 боланинг қолдиқлари бўлган номаълум қабрлар топилгани ҳақида хабар берди.

Канада Бош вазири Жастин Трюдо топилган қабрларни “Канада тарихидаги энг қора саҳифалардан бири” деб атади.

Биринчиси 1840 йилда Канада ҳукумати номидан католик черкови томонидан очилган, охиргиси эса 1997 йилда ёпилган черков интернат-мактаблари 150 мингдан ортиқ туб аҳоли болалари оиласидан ажратилиб, мажбуран олиб кетилган жойлар сифатида тарихга кирди.

Тахминларга кўра, болаларнинг аксарияти зўравонлик, жинсий ва жисмоний зўравонлик, шунингдек, очлик ва совуққа дучор бўлган, баъзилари устида эса тиббий тажрибалар ўтказилгани айтилади.

2008 йилда Канадада черков мактаб-интернатларидаги бундай ҳодисаларни текшириш учун комиссия тузилган. 2015 йилда ўтказилган текширувлардан сўнг Канада расмийлари мактаб-интернатлари тизими фаолиятини “маданий геноцид” деб эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Рим папаси

Баҳолаганлар

184

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг