Татаристондаги ҳужумда 7 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди (видео)
Crime
−
10 August 7886 1 minute
Аввалроқ, 10 август куни эрталаб Украина дронлари Татаристоннинг Нижнекамск шаҳрига ҳужум қилгани, бунинг оқибатида эса дастлабки маълумотларга кўра, 13 нафар одам ҳалок бўлгани хабар қилинган эди. Шунингдек, ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари борлиги ҳам айтилганди.
Расмий манбада қайд этилишича, мазкур ҳужум оқибатида 7 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги консулхонаси Telegram-каналида хабар қилди.
Татаристон Республикасининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида 13 киши ҳалок бўлган, 39 киши турли даражада жароҳат олган.
Консулхона ахборотига кўра, мазкур мудҳиш воқеа оқибатида, Ўзбекистон Республикасининг 7 нафар фуқароси – А.Д.К., У.С.А., Б.О.М., А.Р.Э., Х.Д.Р., Х.Ф.Ф. ва И.Д.Ф. ҳам ҳалок бўлган.
Бош консулхона ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқароларининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирган.
Айни вақтда мазкур ҳолат Бош консулхона томонидан назоратга олинган бўлиб, ҳодисага аниқлик киритиш мақсадида маҳаллий масъул ваколатли идоралар ва тергов органлари билан зарур алоқалар ўрнатилган.
Ҳалок бўлган фуқароларнинг жасадларини суд-тиббий экспертизадан ўтказиш ва зарур расмий жараёнлар якунланганидан сўнг уларни Ватанга қайтариш бўйича тегишли ишлар амалга оширилиши маълум қилинган.
Live
All