Татаристонда ўқувчилар Shahed дронларини йиғишга мажбурланмоқда
Олам
−
25 Июль 2023
6976Татаристоннинг “Алабуга” махсус иқтисодий зонасидаги Алабуга политехника коллежининг вояга етмаган ўқувчилари Shahed дронларини йиғишга мажбурланмоқда. Бу ҳақда “Protocol” нашри ва RZVRT YouTube каналининг қўшма текширувида айтилади.
Нашр суҳбатдошларига кўра, Алабуга политехника университетининг 1000 га яқин талабасидан бир неча юз нафари Эрон камикадзе-дронларини йиғиш билан шуғулланади. Манбаларда айтилишича, гап мактабнинг 9-синфидан кейин коллежга ўқишга кирган 15 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўсмирлар ҳақида кетмоқда.
Қайд этилишича, ўсмирлар бу ишдан бош тортган тақдирда жарима ва ҳайдаш билан таҳдид қилинган. Текширув муаллифларига кўра, барча мумкин бўлган кучлар дронларни йиғиш лойиҳасига йўналтирилмоқда ва бунинг учун бошқа лойиҳалар тўхтатиляпти.
“Дронларни йиғиш учун талабалар ойига 30-40 минг рубль олади ва кўпинча улар дам олиш ҳамда овқатланиш учун танаффусларсиз ишлашлари керак”, деб ёзган “Protocol”.
Бундан ташқари, талабалар ишлаб чиқариш тўғрисидаги маълумотларни ошкор қила олмайди, бу ўқув шартномасида кўрсатилган.
“Талабалар қоидабузарлиги учун коллежга 1,5-2 миллион рубль миқдорида жарима тўлаши мумкин”, деб ёзган суриштирув муаллифлари.
Келтирилишича, коллежда кузатув камераларидан ташқари телефон суҳбатларини тинглаш тизимлари ҳам ўрнатилган.
"Ҳамма қўрқади. Буни умуман айтмаслигим керак. Раҳбарият бизни бу борада жуда қўрқитмоқда", дейди ўқувчилардан бири.
Бундан ташқари, ўқувчининг ота-онаси коллежга кираётганда ўғли ёки қизи ўқишдан чиқариб юборилса, 420 минг рублгача пул тўлаш мажбуриятини олган ҳужжатга имзо чекади.
Алабуга политехника коллежи 2021 йилда “Алабуга” махсус иқтисодий зонасида ташкил этилган. Унинг бош директори – Татаристон Давлат кенгаши депутати Тимур Шагивалеэв.