“Tashkent Сity”га борган Мирзиёев, масаласи ойдинлашаётган Қодиров, Президентдан шафқат кутаётган Каримова ва куннинг муҳим хабарлари шарҳи
Жамият
−
25 Июнь 2019
4296Мирзиёев “Tashkent City”га ташриф буюрди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 25 июнь куни Tashkent City қурилиш майдонига ташриф буюрди.
Президент конгресс-холлга туташ қурилган 21 қаватли, беш юлдузли Hilton меҳмонхонасини ҳам кириб кўрди. Шу ерда маҳаллий ва хорижий инвесторлар билан суҳбатлашди.
Давлат раҳбари конгресс-холл ва меҳмонхонада юқори даражада хизмат кўрсатишни йўлга қўйиб, мунтазам даромад топишни таъминлаш, ҳудудда барпо этиладиган истироҳат боғида ўзбекистонликлар ва туристлар учун кенг шароитлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди.
Тоқаев портлашдан кейин Арис шаҳрига борди.
Бугун 25 июнь куни Қосим-Жомарт Тоқаев Арис шаҳрига борди. У ерда Арисдан эвакуация қилинган аҳоли вакиллари билан учрашган ҳамда портлашда жабрланиб, шифохонага ётқизилганларнинг ҳолидан хабар олган.
Қайд этилишича, омбордаги ёнғинни ўчириш ишлари портлашлар давом этаётгани сабабли тўхтаб турибди.
Гулнора Каримова Президент Мирзиёевдан шафқат кутаётганини айтди.
Гулнора Каримова Ўзбекистон халқига мурожаат йўллагани ва кечирим сўрагани ҳақида хабар берган эдик. Тўлиқ ҳолдаги мактубда аҳамиятга молик жиҳат шундаки, Каримова ўз мурожаатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номини ҳам зикр этган.
"...Шавкат Миромоновичнинг ўзи халққа мурожаатларидан бирида айтганидек, уни отамнинг ўринбосари ва шогирди сифатида биламан. У билан “Келажак овози”, “Янги авлод”, “Асрлар садоси” ва яна кўплаб лойиҳаларда бирга ишлаганмиз. Унинг бағрикенглигига умид қилган ҳолда, тез орада болаларим билан кўришиш ва даволаниш имкони бўлади", деган Каримова.
Собиқ Бош прокурор Рашид Қодиров иши бўйича суд жараёни тугаган.
Ўзбекистон Республикаси собиқ Бош прокурори Рашид Қодиров иши бўйича суд жараёни ниҳоясига етди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ`га Олий суд Матбуот хизмати хабар берди.
“Тошкент шаҳар судида Рашид Қодиров иши бўйича суд жараёни якунланди. Ҳозирда иш бўйича судяларнинг маслаҳатлашуви давом этяпти. Яқин вақтларда ҳукм эълон қилинади”, дея маълум қилди Матбуот хизмати.
Эслатиб ўтамиз, Собиқ бош прокурор пора олиш, талончилик ва лавозимини суиистеъмол қилишда айбланяпти. Ушбу жиноятлар бўйича айбланувчига 15 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.
“Таги пуч иддаолар”: “Вақф” фонди ҳунармандларнинг устахонадан ҳайдалаётганига изоҳ берди.
Кеча, 24 июнь куни ижтимоий тармоқларда “Вақф” хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳридаги “Бароқхон” мадрасасидаги ҳунармандларни ҳайдаб чиқараётгани ҳақида усталар билан уюштирилган видео-суҳбат тарқалди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди ҳолатни ўрганиб чиққан. Қайд этилишича, Фонд ва “Бароқхон” мадрасасида ишлаётган ҳунармандлар ўртасидаги муносабатларга бирёқлама ёндашилган. Ушбу суҳбатга Фонд ходимлари ҳам, Маданий мерос инспекцияси мутахассислари ҳам жалб этилмаган.
Келгусида “Вақф” фонди “Бароқхон” мадрасасидан вақф мулки сифатида ва унинг асл мақсад-вазифаларига мос шаклда аҳолимиз учун зарур бўлган Қуръони Карим қироатини ўргатиш каби ўқув курсларни ташкил этиш ҳамда юртимиздан етишиб чиққан улуғ алломалар, дунё тан олган муфтийлар, дин пешволарининг илмий меросларини намойиш қилиш режалаштирилган”, дейилади Фонд Матбуот хизмати баёнотида.
Ҳукуматнинг яна бир қарори кучга кирмасдан ўзгартирилади...ми?
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида ИИВ томонидан ишлаб чиқилган Ҳукумат қарори муҳокамага қўйилди. Қарор билан ЙПХ ходимида видеокамера бўлиши шартлигини 1 июлдан 2020 йил 1 январга кўчириш белгиланган.
Шунингдек, ҳайдовчилар ЙПХ ходими билан ўзаро муносабатини ўзига тегишли аудио, фото ва видеоларни Интернет жаҳон ахборот тармоғига ўзининг рухсатисиз тарқатиши мумкин эмаслигитўғрисида банд киритиляпти.
Тошкентда йигит чўкаётган қизни қутқариб қолди.
Жорий йилнинг 24 июнь куни соат 11:20 да 25 ёшли қиз Д.М. эҳтиётсизлик оқибатида Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги “Қичқириқ” каналига тушиб кетган.
Воқеа жойидан ўтиб кетаётган 27 ёшли М.А. қизни қутқариб қолган. Д.М. га биринчи тез ёрдам кўрсатилди. Тошкент шаҳар ИИББ қизни қутқариб қолишдаги жасорати учун М.А.ни рағбатлантиришга қарор қилган.
Нақд пул бўйича Президент фармони муҳокамага қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасини янада эркинлаштириш ҳамда пул тушумлари устидан жамоат назоратини кучайтириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамасига қўйилди.
Лойиҳага кўра, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасини янада эркинлаштириш, унинг ҳажмини кескин ошириш, ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда ушбу соҳадаги пул айланмаси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш орқали бюджет даромадларига қўшимча манбаларни жалб этилишига эришиш асосий мақсад.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь