Мирзиёев “Tashkent City”га ташриф буюрди
Жамият
−
25 Июнь 2019
5956Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 25 июнь куни Tashkent City қурилиш майдонига ташриф буюрди.
Мазкур халқаро бизнес маркази саккизта лотга ажратилган ҳолда барпо этилмоқда. Шу пайтгача 7 миллион куб метр тупроқ ишлари бажарилиб, элликдан зиёд бинога мустаҳкам пойдевор яратилди. Бугунги кунда бетон каркаслар ва деворлар қуриш, муҳандислик тармоқлари тортиш ишлари олиб борилмоқда.
Конгресс-холл ва Hilton меҳмонхонаси қурилаётган 5-лот энг илғор майдонлардан бири. Ушбу биноларда темир-бетон, металл конструкция ва том ёпиш ишлари якунланган бўлиб, қурилиш ҳажмининг саксон фоиздан зиёди битган. Ҳозирда электр тармоқларини монтаж қилиш, ички пардозлаш ва механика ишлари бажарилмоқда.
Давлат раҳбарига аввалги ташриф чоғидаги кўрсатмаларнинг ижроси ҳақида маълумот берилди. Жумладан, улкан конгресс-холлда барча форматдаги халқаро тадбирлар ташкил этиш учун замонавий шароитлар яратилмоқда. Бу ерда саммитлар, улар доирасида икки томонлама учрашув ва музокараларни юқори даражада ўтказиш мумкин бўлади. Катта делегациялар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, хизмат кўрсатувчилар учун зарур қулайликлар яратилади.
Президент конгресс-холлга туташ қурилган 21 қаватли, беш юлдузли Hilton меҳмонхонасини ҳам кириб кўрди. Шу ерда маҳаллий ва хорижий инвесторлар билан суҳбатлашди.
Давлат раҳбари конгресс-холл ва меҳмонхонада юқори даражада хизмат кўрсатишни йўлга қўйиб, мунтазам даромад топишни таъминлаш, ҳудудда барпо этиладиган истироҳат боғида ўзбекистонликлар ва туристлар учун кенг шароитлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди.