Қозоғистон ва Тожикистонга ҳам ID карта билан бориш мумкин бўлади
Жамият
−
11:57
3296Ўзбекистонни ҳар томонлама ривожлантириш учун самарали ташқи сиёсат олиб бориш, дўст ва ҳамкорларимиз доирасини кенгайтириш, яқин қўшнилар билан минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш ўта муҳим вазифадир. Бу ҳақда бугун, 20 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида сўз очди.
Шу мақсадда Президент Ташқи сиёсат концепциясини янги таҳрирда қабул қилиш зарурлигини таъкидлади.
Билдирилишича, Марказий Осиё давлатлари ўртасида яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ташқи сиёсатда устувор йўналиш бўлиб қолади. Келгуси йили мамлакатда бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё бешлиги” учрашуви шу йўлдаги яна бир улкан амалий қадам бўлади.
Ҳозирги вақтда фуқаролар Қирғизистонга ID карта билан бемалол бориб-келмоқда. Энди шундай тартибни Қозоғистон ва Тожикистон билан ҳам жорий этиш режалаштирилган.
Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда бошқа етакчи ҳамкор давлатлар, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, молия институтлари билан самарали ва тизимли алоқаларни янада ривожлантириш доимо эътибор марказида бўлиши таъкидланди.
Президент фурсатдан фойдаланиб, бугунги йиғилишда иштирок этаётган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакилларини самимий қутлади, ислоҳотларни чин дилдан қўллаб-қувватлаб келаётгани, ҳудудларга чиқиб, янгиланиш ва ўзгаришлар билан яқиндан танишиб, ўз давлатларидаги тажрибалар билан ўртоқлашаётгани учун Ўзбекистон халқи номидан миннатдорлик билдирди.
LiveБарчаси