Ташанов судда ютқазди. Ундан маънавий зарар ундирилади
3-саҳифа
−
24 Май 15567 2 дақиқа
Кеча, 23 май куни Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича Миробод туман судида Тошкент давлат юридик университетининг икки нафар профессор-ўқитувчиси ҳамда “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановга оид суд иши якунланиб, ҳал қилув қарори чиқарилди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.
Иш судья Беҳзод Сагатов раислигида ёпиқ тарзда кўриб чиқилди. Даъвогарлар – Тошкент давлат юридик университети ўқитувчилари Р.А. ва О.Н. ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташановни жорий йилнинг 28 февраль куни Facebookʼдаги саҳифасида эълон қилган “Сизга ачинаман, жаноблар!” номли пости сабабли судга берган. Ушбу пост уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситишини даъво қилган.
Суд қарори билан даъвогарларнинг аризаси қисман қаноатлантирилди, Ташановнинг пости профессор-ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситган деб топилди ва инсон ҳуқуқлари фаолига пости учун узр сўраб, раддия бериш мажбурияти юкланди.
Шунингдек, суд қарори билан Абдураҳмон Ташановдан даъвогар Р.А. фойдасига 25 млн сўм маънавий зарар ва 787 минг сўм суд харажатлари, даъвогар О.Н. фойдасига 25 млн сўм маънавий зарар ҳамда давлат фойдасига 750 минг сўм давлат божи ундирилиши белгиланди.
“Суддан чиқдик. Юридик университет ўқитувчилари фойдасига 50 миллион сўм маънавий зарар, давлат божи ва бошқа харажатларни тўлайдиган бўлдим. Суднинг айтишича, ишда ҳақорат йўқ, аммо камситиш бор экан”, деб ёзди Ташанов Facebook'даги саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган ягона мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилоти – “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти Франциянинг “Озодлик-Тенглик-Биродарлик” мукофоти билан тақдирланганди.