“Тарқалмаслигига кафолат йўқ”. Шерзод Шерматов ҳакерлар баёнотига муносабат билдирди
Технология
−
11:03 1963 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда ўзларини Butterfly Team деб таништирган ҳакерлар гуруҳи 27 млн ўзбекистонликнинг шахсий маълумотларини қўлга киритигани ҳақида хабарлар тарқалди. Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ушбу хабарлар юзасидан муносабат билдирди.
“Охирги кунларда хакерлар атакалари бўйича дунёда жуда кўп янгиликлар чиқмоқда. Масалан, Binance биржасидан 6 млрд доллардан ортиқ маблағлар ўғирлангани тасдиқланди. СИдан сўраса яна кўплаб мисоллар беради.
Яқинда 27 млн маълумот чиқиб кетди деб шов-шув қилган “Butterfly Team” ҳам мақсади айнан шу масалага эътибор қаратиш бўлганлигини ўзида ҳам ёзиб чиқибди. Лекин ҳозир тарқалмади дегани, зудлик билан чоралар кўрилмаса, эртага бундай ҳолат бўлмаслигига кафолат дегани эмас!!!” деб ёзди Шерматов ўзининг Телеграм каналида.
Ҳакерлар баёноти
Ўзини “Butterfly Team” дея таништирган “оқ” ҳакерлар жамияти деструктив мақсадларни кўзламаслигини, ўзларининг мақсади мамлакатдаги киберхавфсизлик даражаси энг юқори босқичга чиқишига эришиш ва бунга ёрдам беришга тайёр эканини маълум қилган.
“Куни кеча тармоқда тарқалган нарса — бу шунчаки бир белги ва қатъий огоҳлантириш эди. Биз томонимиздан ҳеч қандай ҳақиқий маълумотлар сизиб чиқарилиши ёки зарарли бузиб кириш амалга оширилгани йўқ, ваҳоланки бунинг учун техник имконият мавжуд эди”, дейилади баёнотда.
Шерзод Шерматовнинг билдиришича, сунъий интеллект эски ишлатилаётган тизимларда заифликларни аниқлаш бўйича жуда катта революцияни бошлаб берган. Аввалгиларига қараганда ҳозир аниқланаётган заифликлар сони бир неча бараварга ортиб кетган.
Шунинг учун, барча давлат, нодавлат ва тижорат ташкилотлари ўз тизимларида доимий равишда ушбу заифликларни вақтида тузатиб боришлари зарур бўлади.
“Рисклар кескин ортиб бораётгани сабабли тизимларни яратишга ва юритишга масъул идоралар ва компаниялар томонидан Киберхавфсизлик учун қўшимча молиялаштириш кўзда тутилиши ва мутахассислар тайёрланиши зарур”, дейди вазир.
Унинг билдиришича, ўша мутахассислар ДХХ Киберхавфсизлик маркази тавсиялари ва уларнинг UzCERT хизмати хабарларидаги янги топилган заифликлар ҳақида ўқиб, зудлик билан тизимларни тузатиш чораларини кўриши шарт. Акс ҳолда, рақамлаштириш ва СИ ривожи борган сари хавфни ортишига сабаб бўлаверади.
Live
Барчаси