Тарихимизда биринчи марта бундай шаҳар қураяпмиз – Президент Янги Тошкент бош режаси лойиҳаси билан танишди
Жамият
−
06 Сентябрь 2023
15761Шавкат Мирзиёев кеча, 5 сентябрь куни Янги Тошкент шаҳрининг Бош режаси лойиҳаси билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Айтилишича, бугунги кунда Тошкент шаҳрида яшаётган ва ишлаётган аҳоли сони қарийб 5 миллион нафарни ташкил қилмоқда. Кўплаб уй-жойлар, муассасалар барпо этилиб, инфратузилма тармоқларига юклама ортмоқда. Шунга қарамай, яна йилига 20 минг хонадонли уйлар, 40 дан ортиқ мактаб, боғча, поликлиника қуришга талаб бор. Урбанизация суръатидан келиб чиқилса, яқин йилларда аҳоли сони янада кўпаяди.
Давлат раҳбари бу масалани эътиборга олиб, Тошкентни ривожлантириш режаларини 15-20 йил олдиндан белгилаш вазифасини қўйган эди. Шундан келиб чиқиб, шаҳардан ташқарида, замонавий архитектура ютуқлари асосида янги марказ қуриляпти.
Ушбу улкан лойиҳа учун Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидан 19 минг 720 гектар ер танлаб олинган. Биринчи босқичда 2,5 минг гектарда 100 минг аҳоли учун уй-жойлар ва инфратузилма объектлари қуриш режалаштирилган. Дирекция томонидан етакчи хорижий компаниялар жалб этилиб, ривожланган мамлакатларда муваффақиятли синовдан ўтган амалиётлар асосида Бош режа, тармоқ режалари ва манзилли дастурлар ишлаб чиқилмоқда.
“ТошкентбошпланЛИТИ” давлат унитар корхонасида Бош режа лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг ўринбосари – “Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси” директори ҳудудни инфратузилма билан таъминлаш, йўл ва кўприклар қуриш масалалари, муҳандислик, шаҳарсозлик ва архитектура ечимлари бўйича ахборот берди.
Янги Тошкент “ақлли” ва “боғ шаҳар” бўлиши назарда тутилмоқда. Маъмурий марказда давлат идоралари, Янги Ўзбекистон университети, кутубхона, тарих музейи, маданият саройлари жойлашади. Шунингдек, шаҳарда ишбилармонлик ва инновация туманлари, таълим, тиббиёт ва туризм кластерлари бўлади. 420 гектар майдонда марказий боғ, мавзелар орасида сунъий канал ва кўллар, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари бўйида сайилгоҳлар ташкил қилиниб, одамларнинг дам олиши учун сўлим шароитлар яратилади. “Тошкентнинг яшил белбоғи” лойиҳаси шу жойдан бошланади.
Бу компонентлар лойиҳаси Сингапур, Англия, Хитой, Германия, Туркия, Нидерландия, Жанубий Корея, БАА каби давлатларнинг 20 та илғор компанияси томонидан ишлаб чиқилмоқда. Давлатимиз раҳбари инфратузилма тармоқларини илғор стандартлар билан уйғунлаштириш зарурлигини таъкидлади.
“Ўттиз икки йиллик мустақил тарихимизда биринчи марта бундай шаҳар қураяпмиз, бунга дунёдаги илғор компанияларни жалб қилаяпмиз. Лекин биздаги соҳалар, стандартлар шунга мосми?” дея савол қўйган Шавкат Мирзиёев ушбу лойиҳа билан танишиш жараёнида.
Президент қурилиш, энергетика, коммунал, экология, ирригация, транспорт каби ҳамма тегишли соҳалардаги қонунларни, стандартларни жаҳоннинг энг юқори талабларига мувофиқ такомиллаштириш зарурлигини айтиб ўтган.
Президент Бош режа асосида йил якунига қадар батафсил лойиҳалаш ишларини якунлаш, биринчи босқич иншоотлари бўйича лойиҳачи ва қурувчи корхоналарни аниқлаш бўйича кўрсатмалар берди.
“Нима учун бу лойиҳани шошмасдан, қайта-қайта кўряпмиз? Бу шаҳар юз йиллаб халққа хизмат қилиши керак. Одамлар биринчи ўринда бўлиши, келажакдаги қурилишлар ҳам инобатга олиниши зарур. Биринчи босқич мукаммал қурилса, мактаб бўлади” деди давлат раҳбари.
Бўлажак бинолар ва инфратузилма эксплуатациясини ҳозирдан ўйлаш, бу бўйича мутахассислар тайёрлаш зарурлиги таъкидланди.
Акобир Сайидов