Тарихда илк бор роботлар инсонлар билан марафонда беллашди (видео)

Технология

image

Хитой пойтахти Пекинда тарихда илк бор одамлар ва одамсимон роботлар биргаликда иштирок этган ярим марафон бўлиб ўтди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Телеканалга кўра, ярим марафонда 12 мингга яқин инсон ва 20 та робот қатнашган. Мусобақа 21 километр масофада ўтказилган. Ғолиб робот гарчи йўлнинг бир қисмида йиқилиб тушган бўлса-да, маррага 2 соат 40 дақиқада етиб борган. Одамлар орасида эса ғолибликни эфиопиялик спортчилар қўлга киритган: эркаклар орасида натижа – 1 соат 2 дақиқа, аёллар орасида эса – 1 соат 11 дақиқа.

Қайд этилишича, роботларга ҳам одамлар каби йўлда тўхташга рухсат берилган. Фақат инсонлар сув ичиб дам олган бўлса, роботларнинг батареяси алмаштирилган. Мусобақа давомида ишлаб чиқарувчилар робот иштирокчисини алмаштириш ҳуқуқига эга бўлган, бироқ ҳар бир алмаштириш учун 10 дақиқа жарима белгиланган.

Якунда Tien Kung Ultra номли робот финиш чизиғини “ҳеч қандай чарчоқ аломатларисиз” кесиб ўтган. Шундан сўнг мусобақани якунлаган иштирокчилар робот ғолиб атрофида тўпланиб, суратга тушган. Кейин эса ишлаб чиқарувчилар уни тантанали тақдирлаш маросими жойига олиб кетган.

“Одамсимон роботлар иштирокидаги бу ярим марафон Хитойнинг ушбу соҳани янада фаол ривожлантиришга интилаётганини кўрсатади”, дейилади хабарда.

Хитойлик экспертларнинг прогнозларига кўра, 2025 йилда “мужассамлашган интеллект” бозори 730 миллион долларга етади ва бу глобал бозорнинг 27 фоизини ташкил қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Kawasaki компанияси Osaka Kansai Expo кўргазмасида тоғли ва нотекис ҳудудларда ҳаракатланиш учун мўлжалланган Corleo номли роботлаштирилган мото-отнинг концептуал моделини тақдим этганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой марафон робот Пекин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг