Танзила Норбоева Парламент аёллари форумига президент этиб сайланди
Жамият
−
05 Апрель
3079Бугун, 5 апрель куни Тошкент шаҳрида Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси доирасида Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бошланди. Форумда мазкур сессия президенти этиб Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева сайланди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, тадбирда дунёнинг турли бурчакларидан 200 дан ортиқ парламент аъзолари, аёл-етакчилар ва экспертлар иштирок этмоқда. Улар гендер тенглик, аёлларнинг сиёсий етакчилиги ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ энг муҳим масалаларни муҳокама қилади. Форум доирасида 40 йиллик юбилей нишонланиб, 39-сессия президенти этиб Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева сайланган.
Билдирилишича, Парламентлараро иттифоқ томонидан юритиладиган “Парламентдаги аёллар” рейтингида Ўзбекистон 193 та мамлакат орасида 36-ўринни эгаллаган. Шу билан бирга, форумда унинг бугунги формати хотин-қизларга оид минтақа учун хос бўлган долзарб масалаларни биргаликда ҳал қилишнинг самарали механизмига айлангани ҳам қайд этилган.
“Шунингдек, Форумда 150-ассамблеянинг муҳокама қилинаётган резолюцияларига гендер нуқтаи назаридан таҳлиллар киритилди. Иштирокчилар Фаластинда икки давлат тузиш ечимини илгари суришда парламентларнинг роли ҳамда қуролли можароларнинг узоқ муддатли таъсирини юмшатиш бўйича парламент стратегияларини муҳокама қилдилар”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида аёл депутатлар улуши 38 фоизни ташкил этади. Бу нафақат Ўзбекистоннинг Осиё минтақасида аёлларнинг парламентдаги вакиллиги бўйича етакчи ўринда эканлигини кўрсатади, балки сўнгги ўттиз йилда (+32 фоиз пункт) эришилган ютуқларни ҳам акс эттиради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида Марказий Осиё тарихида илк маротаба Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилейи бўлиб ўтиши хабар қилинганди. Ушбу анжуман 5-9 апрель кунлари “Tashkent City” ҳудудидаги Конгресс-холл мажмуасида ўтказилади. Унда дунёнинг 180 та мамлакати, 15 та кузатувчи давлат ҳамда 25 дан ортиқ халқаро ва парламентлараро ташкилотдан 2 мингга яқин делегатлар иштирок этиши кутилмоқда. Йиғилишнинг асосий мавзуси “Ижтимоий ривожланиш ва адолат учун парламент ҳаракати” бўлиб, унда камбағалликни бартараф этиш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш, ижтимоий инклюзияни қўллаб-қувватлаш ва қарор қабул қилиш жараёнида камситилган гуруҳлар иштирокини ошириш каби масалалар муҳокама қилинади.
LiveБарчаси