Танзила Норбоева илк бор БМТ минбарида нутқ сўзлади
Жамият
−
13 Март
8512Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Нью-Йорк шаҳридаги БМТ бош қароргоҳида чиқиш қилди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси БМТ Аёллар ҳолати бўйича комиссиясининг 68-сессиясида иштирок этиб, қатор ташаббусларни илгари сурган.
Қайд этилишича, бу йилги сессияда камбағалликни бартараф этиш, институтлар салоҳияти ва молиялаштиришни кучайтириш орқали гендер тенглигига эришиш ва барча хотин-қизлар имкониятларини кенгайтириш, бу борада Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси тамойилларининг ҳаётга татбиқ этилиши масалалари муҳокама қилинмоқда.
“Анжуманда дунё давлатларининг соҳага масъул парламент ва ҳукумат идоралари, вазирлик ва ташкилотлари, нодавлат тузилмалари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этаётгани қайд этилди”, дейилади хабарда.
БМТ Аёллар ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда дунё бўйлаб аёлларнинг 10,3 фоизи ўта қашшоқликда яшайди. 2030 йилга бориб Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун камбағалликка барҳам беришдаги муваффақият 26 баравар тезроқ бўлиши керак.
Шу боис, анжуманда бутун дунё ҳукуматлари, фуқаролик жамияти ташкилотлари, экспертлар ва фаоллар аёлларнинг қашшоқлигини тугатиш ва гендер тенглигини оширишга ёрдам берадиган ҳаракатларни ишлаб чиқиш ва инвестицияларни жалб қилиш масалаларига эътибор қаратмоқда.
Танзила Норбоева 68-сессияда Марказий Осиё минтақаси ва Озарбайжон номидан сўзга чиққан. У бугунги кунда мамлакатларнинг савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаол ривожлантираётгани, қўшма сармоявий лойиҳалар амалга оширилаётгани, гендер тенгликни таъминлаш соҳасида ўзаро ҳамкорлик учун қулай шарт-шароитлар яратилганини таъкидлаб, ҳамкорлик бўйича умумий ёндашувларни маълум қилди ва қатор ташаббусларни илгари сурган.
"Хусусан, камбағалликни қисқартириш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш учун БМТнинг “Иш ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимоя глобал акселератори” доирасида глобал даражада аёллар ва қизларни ҳимоя қилиш бўйича самарали чоралар кўриш, ўқув дастурлари ва ўқитиш услубларига, шунингдек, STEM-таълимига, айниқса, қишлоқ жойларда гендер ёндашувини жорий этиш таклиф этилди", дейилади хабарда.
Шунингдек, ҳудудларда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури лойиҳалари доирасида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, айниқса қишлоқ аёллари учун рақамли саводхонлик ва IT кўникмаларини ошириш дастурларини амалга оширишга кўмаклашувчи рақамли тафовутни бартараф этиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани тартибга солиш лозимлиги айтиб ўтилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Норбоева Нью-Йоркда Швейцария конфедерацияси Президенти Виола Амерд билан учрашув ўтказганди.
LiveБарчаси