Танқидларга эътибор қаратмайман – Каннаваро

Спорт

image

Бугун, 9 октябрь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Тошкентда Қувайт миллий терма жамоаси билан ўртоқлик ўйини ўтказиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйиндан сўнг ўзбекистонликлар бош мураббийи Фабио Каннаваро матбуот анжуманида иштирок этди.

“Ҳеч бир ўйин осон бўлмайди. Ҳар бир рақибни жиддий қабул қилиш керак. Учрашувни яхши бошладик. Машғулотларда ишлаган ғояларимиз иш берди. Футболчилар мени эшитаётганидан мамнунман. Бироқ ҳали ишлашимиз керак бўлган жиҳатлар кўп. Ғалаба билан бошлашимиз муҳим эди. Энди менда футболчилар ҳақида кўпроқ маълумот бор”, дейди Каннаваро.

Каннаваро, шунингдек, унга нисбатан билдириладиган танқидлар юзасидан ўз фикрини билдириб, уларга эътибор қилмаслигини айтди.

“Негативлар доимо бўладиган ҳолат. Шу вақтга қадар танқидлар бўлмаганми? Албатта, бўлган. Лекин уларга эътибор қаратмайман. Доимо ўз ишим ҳақида ўйлайман. Муваффақиятсизликка учраётган одамни ҳам ҳурмат қилиш керак. Мен футболчиларга бироз агрессив бўлишларини айтдим. Тўпсиз ўйнаш устида ишлашимиз керак. Рақиб прессинг қилмаган тақдирда ҳам бунга тайёр бўлиш керак. Биринчи гол машғулотлар меваси”, дейди у.

Каннаваро ўйин давомида Ўзбекистон фойдалана олмаган пенальти масаласига ҳам тўхталди.

“Пенальтини футболчилар амалга оширади, бироқ аввал уни ҳис қилиш керак. Бунинг устида ишлашда давом этамиз. Футболда ҳамма нарсани машғулотлар орқали ривожлантириш мумкин. Файзуллаевнинг ҳолати яхши, бу борада шифокорлар билан гаплашдик. Ўз устимизда ишлашда давом этишимиз керак. Ғалаба қозонаётган вақтда кўпроқ назоратга урғу бериш зарур. Ҳисоб 2:0 бўлиб турган вақтда оддий ҳолда тўпни йўқотдик, рақибга имкон бермаслик энг муҳими. Бироқ футболчилар мен улардан сўраганимни бажара олишди”, дейди бош мураббий.

Шунингдек, италиялик мутахассис футболчилар билан ишлаш лозим бўлган жиҳатларни айтиб ўтди.

“Тўп назорати устида ишлашимиз зарур. Майдонда 90 дақиқа давомида фақат югуриш имконсиз. Шу сабаб, футболчилардан бир-бирини яхшироқ тушуниш талаб этилади. Бизнинг футбол кўп нарсани ўз ичига олади. Умид қиламанки, футболчилар билан кўпроқ гаплашамиз. Гарчи доимо бирга бўлмасак-да, уларга ишонч бериб, видеолар орқали ишлашга ҳаракат қиламиз”, дейди у.

Маълумот учун, Ўзбекистон МТЖ жорий йилнинг 13 октябрь куни Малайзияда Уругвай МТЖ билан ўйнайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Фабио Каннаваро

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг