Таниқли журналист “Манчестер Юнайтед” раҳбарлари устидан кулди
Спорт
−
12 Июнь
5502Англиянинг “Манчестер Юнайтед” клуби яқинда бош мураббий Эрик тен Хагни жамоада олиб қолишга қарор қилди. Бу ҳолатга британиялик машҳур журналист Пирс Морган ўзининг Х’даги саҳифасида муносабат билдирди ва клуб раҳбарлари устидан кулди.
“Роналдунинг “Манчестер Юнайтед” ва тен Хаг ҳақида айтганлари ҳақиқат бўлиб чиқди. Қандай қилиб бу масхарабоз ҳалигача ишдан бўшатилмаган? Бу кулгили ҳолат”, дейди Морган.
Қайд этиш жоиз, Криштиану Роналду 2022 йилда, айнан Пирс Морганга берган интервьюсидан сўнг жамоадан четлатилганди. Интервьюда Роналду тен Хаг ва “Ман Юнайтед" клуби ички муҳитини салбий баҳолаганди.
Маълумот учун, ўтган мавсум “қизил иблислар” голландиялик мутахассис бошчилигида АПЛни 60 очко билан 8-ўринда якунлади ва Англия кубоги финалида ҳамшаҳарлари “Манчестер Сити”ни мағлуб этиб, Европа Лигасига йўлланма олди.
Хабибуллоҳ Райимов