БАА сармоядорлари “Манчестер Юнайтед”ни сотиб олмоқчи
Спорт
−
20 Октябрь 2773 2 дақиқа
Бирлашган Араб Амирликларидан бўлган номаълум сармоядорлар консорциуми “Манчестер Юнайтед”нинг асосий эгаси Глазерлар оиласи назоратидаги акцияларни сотиб олиш бўйича таклиф билан чиқишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “The Sun” нашри хабар берди.
Манбага кўра, сармоядорлар таклифнинг муҳим қисми сифатида клуб афсонаси Дэвид Бекхэмдан ёрдам сўраган. Улар Бекхэмга клуб элчиси сифатида иштирок этиш таклифини берган. Шунингдек, 50 ёшли собиқ футболчига агар истаса, ўзининг собиқ жамоасига сармоя киритиш имконияти ҳам таклиф қилинган.
Бекхэм аввалроқ Глазерлар оиласининг клубни 20 йилдан бери бошқаришини танқид қилган эди. Уларнинг даврида “Юнайтед” 1,2 миллиард фунт стерлинг миқдоридаги қарзлар, фоиз тўловлари, дивидендлар ва оилавий тўловларга дуч келган.
Ҳозирда “Юнайтед”нинг умумий қиймати 2 миллиард фунт стерлингга баҳоланмоқда, аммо Глазерлар клубни сотиш учун тахминан 5 миллиард фунт стерлинг атрофида нарх белгилаган. Улар 2023 йилда ўз улушларининг 30 фоизидан камини британиялик миллиардер Сер Жим Рэтклиффнинг “INEOS” компаниясига сотган эди.
Саудия Арабистони ҳукумати расмийси Турки Аль аш-Шейхнинг сўзларига кўра, клуб ҳозирда потенциал сотув бўйича музокаралар олиб бормоқда. Айрим манбаларга кўра, бу жараёнда Бекхэм билан бир қаторда француз миллиардер Родольф Сааде ҳам иштирок этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Манчестер Юнайтед” 2006 йилда сўнгги бор таъмирланган “Олд Траффорд”дан воз кечиб, “Шимолий Уэмбли” деб аталувчи янги аренани барпо этиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси