Танаффус вақтида футболчиларга хотиржамликка берилмасликни уқтирдим – Ислом Исмоилов
Спорт
−
14 Апрель 2025 2692 1 дақиқа
Ўзбекистон U-17 терма жамоаси устози Ислом Исмоилов БААга қарши ўйинда биринчи бўлимдаги асосий мақсад кўпроқ гол киритиш эканини айтди.
“Аввало, барчани қийин қўлга киритилган ғалаба билан табриклайман. Сабаби буни мен осон ғалаба демаган бўлардим, чунки БАА Осиёнинг кучли жамоаларидан бири. Ўйиндан олдин амирлик терма жамоасини ўрганиб чиққанимизда, жамоанинг асосий муаммоларидан бири ҳужум бошлаш эканини билдик. Биринчи бўлимдаги асосий стратегиямиз, асосий мақсадимиз кўпроқ гол уриш керак эди ва буни амалга оширдик. Шунингдек, рақибга ҳужум ташкил этишда ҳеч қандай имконият қолдирмадик. Иккинчи тайм бошида йигитларга бўшашмасликни уқтирдим, аммо менталитетга сингиб кетган нарса содир бўлди. Иккинчи бўлимда йигитлар анча ўйинни ташлаворди. Таркибдаги бир қанча футболчиларда сариқ карточка борлиги сабаб ротация қилишга ҳам мажбур бўлдик. Ҳар учрашувда ҳар бир футболчининг функционал ҳолатини назоратга олиб боряпмиз ва керакли жойда ўзгаришлар амалга оширмоқдамиз”, дейди Исмоилов.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Осиё кубоги чорак финалида БААни 3:1 ҳисобида мағлуб этди ва ярим финалга йўл олди. Ислом Исмоилов қўл остидаги жамоа ярим финал ўйинини 17 апрель куни Индонезия ва Шимолий Корея ўртасидаги баҳс ғолибига қарши ўтказади.
Live
Барчаси