Талабанинг онасини ҳақоратлаган проректор вазифасидан четлатилди
Жамият
−
05 Октябрь 2023
16771Аввалроқ Ўзбекистон Миллий университети проректори ва аёл киши ўртасида жанжал бўлгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу ҳолатдан сўнг проректор ўз вазифасидан вақтинча четлатилди. Бу ҳақда университетнинг матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, улар ўртасидаги жанжал шу йилнинг сентябрь ойининг биринчи ўн кунлигида рўй берган. Мурожаатчи аёл проректор қабулига кирган. Она фарзанди геология факультети 1-курси кечки бўлимга ўқишга кирганини айтиб, талабалар турар жойидан ўрин ажратиш ва иш билан таъминлашни сўраган. Проректор мурожаатчига кечки таълим шаклида таҳсил оладиган талабалар учун ётоқхона етишмаслиги, ўринлар кундузги таълим шаклида ўқийдиган талабаларни қамраб олганини билдирган.
“Мурожаатчи тушунишни хоҳламай, у ҳолда қизини иш билан таъминлаб берасиз, деб талаб қўйган. Проректор агар имконият топсак, мактаблардан иш гаплашиб берамиз, деб керакли тавсияларни берган. Аёл эса фарзандига университетдан иш ҳал қилиб бериш талабини қўйган. Талаблари тўлиқ қаноатлантирилмаган аёл кетар чоғида университет раҳбарияти ва проректорни ўринсиз ҳақоратлаб кетган. Куракда турмайдиган сўзлар проректорнинг нафсониятига теккан ва у ҳам аёлга нисбатан қўпол сўзларни ишлатган”, дейилади муносабатда.
Университет матбуот хизматига кўра, шу вазият мурожаатчи томонидан ёзиб олинган ва “проректор мурожаатчи аёлни ҳақорат қилди” деган маънодаги қисми тарқатилган. Мазкур вазиятга проректор котибаси, университет хотин-қизлар қўмитаси раиси ҳамда қабулдаги фуқаролар гувоҳ бўлган.
“Университет проректори билан рўй берган ушбу ҳолатда адолатли қарор чиқариш юзасидан тегишли орган томонидан текшириш ишлари олиб борилмоқда. Вазият тўлиқ ўрганилиб, ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилгунича ҳозирда видеода акс этган проректор ўз вазифасидан вақтинча четлатилди ва унинг вазифалари университетнинг бошқа масъул проректорига юклатилди”, дейилади хабарда.
Тегишли текширувлардан сўнг проректорга ташкилий, интизомий ёки маъмурий чора кўриш бўйича якуний қарор қабул қилинади.
LiveБарчаси