ЎзМУ проректори аёл кишини ҳақорат қилаётгани акс этган видео тарқалди
3-саҳифа
−
04 Октябрь 2023
12565Ижтимоий тармоқларда “Миллий университет проректори талабанинг онасини ҳақоратлади” номли видео тарқалиб, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Вазиятга аниқлик киритиш мақсадида QALAMPIR.UZ Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети билан боғланди.
Университет матбуот котиби Илҳом Худойназаров мазкур ҳолат жорий йилнинг сентябрь ойи биринчи ҳафталигида рўй берганини маълум қилди. У ҳозирги вазиятда буни “ахборот хуружи” деб ҳисоблашини билдирди.
“ЎзМУ проректорига нисбатан дезинформация (ёлғон ахборот тарқатиш), манипуляция – воқеликни нотўғри идрок қилиш орқали сохта, ёлғон тушунча ёки тасаввур ҳосил қилиш, тухмат (бўҳтон) – бирор объектни обрўсизлантириш, шаънини булғаш мақсадида ёлғон маълумотларни тарқатиш, дискредитация (обрўсизлантириш) – омма орасида раҳбар шахс обрўсига салбий таъсир кўрсатиш каби ҳолатларга йўл қўйилган”, дейди Худойназаров.
Матбуот котибининг айтишича, реал ҳолат бутунлай бошқача бўлган. Проректор мурожаатчи аёл билан ўз хизмат хонасида ярим соат вақт мобайнида суҳбатлашиб, унга университетнинг кечки таълим босқичида таҳсил олувчилар учун талабалар турар жойидан ўрин ажратилмаслиги, чунки университетда ётоқхона фақат кундузги таълимда таҳсил олувчи талабалар учун мўлжаллангани ҳақида тушунтириш берган ва унинг фарзандига ижара хонадони таклиф этган.
“Лекин бу ҳолатдан қониқмаган аёл кетар чоғида университет раҳбарияти ва проректорни ҳақоратлаб кетган. Куракда турмайдиган бу ҳақорат проректорнинг нафсониятига теккан ва у бунга ўз муносабатини билдирган. Шу вазиятни мурожаатчи ёзиб олган ва буни “проректор мени ҳақорат қилди” деган маънода тарқатган”, дейди Худойназаров.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардан кўринадики, аёл проректорни “мол” деб ҳақорат қилган бўлиши мумкин. Проректор ҳам бўш келмасдан аёлни “ифлос” деб атаган. Шу ўринда савол туғилади: ёшларга таълим-тарбия бериши керак бўлган икки шахснинг бир-бирини луғатидаги “ажойиб сўзлар” билан сийлаши талабаларга қандай ўрнак бўлар экан?
LiveБарчаси