Талабаликка бир қадам қолганда... Афғонистонлик қиз АҚШ базасидаги ҳаёти ҳақида гапирди

Олам

image

Афғонистонлик қиз юртидан эвакуация қилинганлар жойлашаётган АҚШнинг Висконсин штатидаги ҳарбий базасида бошқа этник гуруҳдаги афғонлар томонидан таъқибга учраганини маълум қилди. 

“Толибон” ҳаракати Афғонистон пойтахти Қобулни жорий йилнинг 15 августида эгаллаб олди ва 7 сентябрь куни муваққат ҳукумат тузилганини эълон қилди. Август ойининг сўнгги икки ҳафтасида АҚШ ҳарбийлари ҳимояси остида бўлган Қобул аэропортидан Ғарб фуқаролари ва улар билан ҳамкорлик қилган афғонлар оммавий эвакуация қилинди. АҚШнинг Висконсин штатидаги Форт-Маккой ҳарбий базасидан бир неча минг афғон қочқинлари жой олган.

Қобулдан эвакуация

Исмининг фақат биринчи ҳарфини (К) айтишни истаган қизнинг сўзларига кўра, у август ойи ўрталарида Осиё аёллар университетида биринчи курсни бошлаш учун Қобулдан Бангладешга учиб кетишни режалаштирган. Унинг режалари амалга ошмаган, чунки мамлакатдаги ҳокимият “Толибон” томонидан босиб олинган. У ва яна 250 га яқин афғон талаба қизлари Висконсин штатидаги Форт-Маккой базасига эвакуация қилинган. 

“Биз Бангладешга боришимиз керак эди, университетимиз биз учун Қобул аэропортидан чартер рейсни ташкил қилди. Аммо толиблар аэропортни эгаллаб олгани учун рейс қолдирилди. Биз аэропортда узоқ вақт қолиб кетдик. Кейин АҚШ ҳарбийлари бизни Форт-Маккойга олиб борувчи яна бир чартер рейсни ташкил қилди”, дейди у. 

Ҳазоралар ва пуштунлар

Қиз асосан Афғонистон шимолида яшовчи ҳазора этник гуруҳининг аъзоси бўлиб, АҚШда у Афғонистондан эвакуация қилинган мамлакатдаги устун этник гуруҳ — пуштунлар томонидан ҳақоратларга дучор бўлган. 

“Мен ҳазораман, бу ерда пуштунлар кўп. Улар бизни кўрганда жуда ёмон муносабатда бўлишади. Бу ердаги қочқинларнинг аксарияти пуштунлар”, дея тан олган қиз. 

К.нинг сўзларига кўра, Форт-Маккойда 13 мингга яқин эвакуация қилинганлар бор, улардан 2 мингга яқини ҳазоралардир. 

Афғонистондаги ҳазоралар ва пуштунлар ўртасидаги зиддиятлар XIX асрга бориб тақалади. Ҳазоралар мамлакатдаги энг эзилган этник гуруҳлардан бири саналади. 

Қизнинг таъкидлашича, ҳазоралар ва пуштунлар ҳарбий базада алоҳида жойлаштирилган, шунинг учун у жамоат жойларига, масалан, ошхонага борганида ҳақоратомуз изоҳларга дуч келган. К. битта катта хонада яна 30 нафар аёл билан яшайди. Унинг хонадошларининг аксарияти университетдаги курсдошлари бўлиб, унга маънавий ёрдам беради.

Келажак учун режалар 

К. Бангладешдаги Осиё аёллар университетининг иқтисод факультетида икки йил ўқиганидан сўнг Буюк Британия ёки АҚШдаги университетлардан бирида магистратура босқичини давом эттирмоқчи эди. Бироқ, эвакуация бу режаларни барбод қилди. Талаба ҳозирда Американинг Род-Айленд шаҳридаги Браун университетидан стипендия олган, аммо бу фақат бир йиллик инглиз тили дастури учун. Агар К. бакалавр даражасини олишни истаса, у 24 ёшида бунинг учун қайтадан ҳаракат қилиши керак.

“Менинг орзум АҚШда ўқиш ва АҚШда магистратурага стипендия олиш учун ҳужжат топшириш эди, аммо “Толибон” тўсатдан менинг мамлакатимни эгаллаб олган вазиятда эмас. Мен ҳаммасини бошидан бошлайман (Браун университетида)”, дейди у. 

Қиз бу ҳафта Форт-Маккойдан университетга кўчиб ўтишига ва этник зўравонликни абадий ўтмишда қолдиришига умид қилмоқда. 

К. Афғонистондан ёлғиз ўзи эвакуация қилингани учун оиласи билан узоқ вақт кўришолмаслигидан хавотирда. У Қобулдаги оиласи хавфсизлигидан ҳам ташвишда. Қизнинг беш акаси бор, улардан бири узоқ йиллар АҚШ армиясида ишлаган. 

“Оилам менинг қочиб қутулганимдан хурсанд. Лекин улар ҳақиқатан ҳам хавф остида, чунки акам Америка армиясида ишлаган... У АҚШга махсус иммиграция визаси учун мурожаат қилган, лекин Қобулда қолиб кетган”, дейди қиз.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон АҚШ эвакуация

Баҳолаганлар

394

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг