Талабалар учун ўқиш бошланадими? Вазирлик бутун масъулиятни бўйнидан соқит қилди
Жамият
−
17 Январь 2023
14786Жорий йилнинг 10 январь куни соат 13:31 да 11 январдан бошлаб олий ҳамда профессионал таълим муассасалари ва академик лицейларда босқичма-босқич дарс машғулотлари бошланишини айтиб чиққан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бир ҳафталик сукутдан кейин бу бўйича барча масъулиятни бўйнидан соқит қилиб, энди ўқиш бошланишини ҳокимликлар белгилашини айтиб чиқди. Бу ҳақда вазирликнинг Telegram-каналида бугун, 17 январь куни тарқатган баёнотида сўз борган.
“Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида ўқув жараёнини ташкил қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланган муддатларга ўқув графикларини мослаштирган ҳолда амалга оширилади”, дейилади баёнот аввалида.
Ўқиш бошланишини ҳокимликларни белгилар экан, нега унда вазирлик 10 январь куни ўқиш бошланади деган баёнот билан чиқди? Вазирлик орадан шунча кун ўтиб бундай баёнот беришига қараганда 11 январдан ОТМларда ўқиш бошланмаган ва вазирлик буни назорат қилмаган. Чунки вазирлик 10 январь куни 11 январдан ОТМларда босқичма-босқич таълим жараёнлари бошланиши ҳақида эълон бергандан кейин бу қарори бекор бўлгани ҳақида миқ этмаган. Орадан бир ҳафта ўтиб эса буткул бошқа гапни айтиб чиқяпти.
“Назорат ишлари (оралиқ, якуний) таълим муассасалари томонидан белгиланадиган шаклларда босқичма-босқич амалга оширилиши мумкин. Бунда, барча талаба ва ўқувчиларга назорат ишларида иштирок этишларига имконият яратилади”, дейилади вазирлик баёнотида.
Қайд этилишича, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотлари ўқувчи-талабалари учун қишги таътил муддати узайтирилиши муносабати билан темирйўл поездларига қўшимча жойлар сони янада кўпайтирилиб, харид қилинган йўл чипталари бепул алмаштириб берилади. Бундан ташқари, тезюрар ва йўловчи поездларга чипталарнинг эконом синфи тарифи қийматидан 50 фоизли чегирма сотуви муддати ҳам узайтирилади.
Барча темирйўл кассаларида талаба-ўқувчилар аввал харид қилган чипталарини бошқа санага алмаштиришлари ёки таътил якунлангунига қадар чегирма билан сотиб олишлари мумкин бўлади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 январь куни Ўзбекистонда 10-16 январь кунлари ҳаво ҳароратининг кескин тушиб кетиши муносабати билан олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицей талаба-ўқувчилари учун ҳам қишки таътил муддати 2023 йил 18 январга қадар узайтирилганди.
LiveБарчаси