Талабалар учун диний билимларни мустақил ўрганиш имконияти бор – Тошқулов

Жамият

image

Бугун, 22 май куни Тошкент беш ташаббус ҳаракатининг иккинчи куни доирасида Олий ва ўрта махсус таълим вазири Aбдуқодир Тошқулов ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Мулоқот давомида Тошқулов Термиз давлат университети ректори бўлган даврда айтган таълимдан Ислом дини ажратиб олиниши ҳақидаги фикрларига изоҳ берди.

“Мен Халқаро пресс-клубдаги интервьюмда охирги юз йилда таълимдан дин чиқиб кетганлиги ва уни қайтаришимиз кераклиги ҳақида гапирганимдан кейин кўпчилик буни худди предметларни киритишдай тушунди. Ваҳоланки, у ерда Ислом маданияти, ҳалоллик ва адолат ҳақида гап кетган эди. Шу билан биргаликда динимиздаги, урф-одатларимиздаги одоб-ахлоқ нормаларини назарда тутган эдик”, дейди Aбдуқодир Тошқулов.

Вазир сўзида давом этаркан, бир пайтлар китоб дўконларидан диний китобларни, ҳатто, сўролмагани, бугун эса ҳеч қандай қаршиликлар бўлмаётгани ва дўконларда диний китобларнинг ҳар хили борлигини таъкидлади.

“Ҳозир ОТМларда таҳсил оладиган талабанинг диний китоб ўқишига, мустақил ўрганишига нима монеълик қилмоқда?! Эсимда бор, “Саодат асри қиссалари” китобининг нархи бир ярим миллон сўмга чиқиб кетганди. Ўша пайтлар биз унинг янги тиражини сўролмаганмиз. Бугунги кунда китоб дўконларига кирсангиз бу каби китобларнинг бир қанча турлари бор. Умуман олиб қарайдиган бўлсак, бугунги кунда ОТМларда ўқийдиган талабалар учун фалсафий ва диний билимларни мустақил ўрганиш имконияти бор”, дейди Тошқулов. 

Ёшлар, блогерлар ва ОAВ вакиллари билан бўлган очиқ мулоқот давомида Олий таълим вазири Aбдуқодир Тошқулов ҳозирги кунда диншунослик фани ОТМларнинг дарс схемасига киритилиши масаласи кўрилаётганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз,  Aбдуқодир Тошқулов ёшлар билан очиқ мулоқоти давомида Олий таълим тизимида талабалардан форма талаб қилиш нотўғрилигини, бу борада ўзининг либерал эканлигини таъкидлади.

Шунингдек, вазир мазкур очиқ мулоқот давомида 96 минг ўринли талабалар ётоқхонасини қуриш учун 4,4 триллион сўм маблағ ажратилишини ҳам маълум қилди.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

84

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг