Такрорий сайлов нима дегани? У қачон ўтказилади?
Бу қизиқ
−
23 Декабрь 2019
10990Бугун, 23 декабр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари аъзолари сайловининг натижалари эълон қилинди ва 22 та сайлов округида қайта сайлов ўтказилиши белгиланди. Хўш, қайта сайлов ўтказилиши нимани англатади. У қандай, қанча муддатда ўтказилда?
Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида такрорий овоз бериш ва такрорий сайлов ўтказилиш тартибини "Ҳуқуқий ахборот" эслатмоқда.
Такрорий овоз бериш қайси ҳолларда ўтказилади?
Сайлов округи бўйича икки нафардан ортиқ номзод қўйилган бўлса-ю, улардан ҳеч бири овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг ярмидан кўпининг овозини олмаган бўлса, такрорий овоз бериш ўтказилади.
Қачон номзод сайланган ҳисобланади (асосий сайловда)?
Сайловда овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини олган номзод сайланган деб ҳисобланади.
Такрорий овоз беришда барча номзодлар қайтадан иштирок этадими?
Йўқ, дастлабки сайловда энг кўп овоз олган икки нафар номзод такрорий овоз беришда иштирок этади.
Такрорий овоз бериш қачон ўтказилади?
Такрорий овоз бериш асосий сайловдан кейин икки ҳафта муддат ичида ўтказилади.
Такрорий овоз беришда ҳам сайловчиларнинг ярмидан кўпининг овозини олган номзод сайланган деб ҳисобланадими?
Йўқ, такрорий овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг бошқа номзодга нисбатан кўпроқ овозини олган номзод сайланган деб ҳисобланади.
Такрорий овоз беришда сайловчиларнинг иштирок этиш фоизи ҳисобга олинадими?
Йўқ, такрорий овоз беришда сайловчиларнинг иштирок этиши фоизи ҳисобга олинмайди.
Такрорий сайлов қайси ҳолларда ўтказилади?
Такрорий сайлов, агар:
- сайлов округи бўйича сайлов ўтмаган ёхуд ҳақиқий эмас деб топилган бўлса;
- такрорий овоз беришда сайланган депутатни аниқлашнинг имкони бўлмаса;
- сайлов округи бўйича кўпи билан икки номзод қўйилган бўлса ва улардан ҳеч бири сайланмаган бўлса.
Қандай ҳолда сайлов ўтмаган деб топилади?
Сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчиларнинг ўттиз уч фоизидан кам қисми иштирок этган бўлса, сайлов ўтмаган деб топилади.
Қандай ҳолларда сайлов ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин?
Сайлов давомида йўл қўйилган, овоз бериш якунларига таъсир қилган қоидабузарликлар сабабли сайлов умуман ёки айрим сайлов округлари бўйича ёхуд айрим сайлов участкалари бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Қайси орган сайловни ҳақиқий эмас деб топиши мумкин?
Қонунчилик палатасига сайловни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қарор Марказий сайлов комиссияси томонидан, маҳаллий Кенгашларга ўтказилган сайловни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қарор тегишли сайлов комиссиялари томонидан қабул қилинади.
Такрорий сайловни ўтказиш учун янгидан сайлов участкалари ташкил қилиниб, сайловчиларнинг рўйхати янгидан шакллантириладими?
Йўқ, такрорий сайлов асосий сайловни ўтказиш учун тузилган ўша сайлов участкаларида ва сайловчиларнинг олдинги рўйхатлари бўйича ўтказилади.
Такрорий сайлов қанча муддатда ўтказилиши керак?
Такрорий сайлов асосий сайловдан кейин кечи билан бир ойлик муддат ичида ўтказилади.
LiveБарчаси