Тахтдаги 70 йил. Елизавета II ўзидан кейин ким қиролича бўлишини айтди
Олам
−
06 Февраль 2022
20955Бугун, 6 февраль куни Англия қироличаси Елизавета II тахтга ўтирганига 70 йил тўлди. У 1952 йилнинг 2 февраль куни отаси Георг VI вафотидан кейин қироллик тахтини эгаллаганди.
Елизавета II Англия тарихида ўзининг “Платинум юбилей”ини нишонлаётган биринчи монарх ҳисобланади.
Бугун қироличанинг шарафига Букингем саройида расмий тадбир ташкиллаштирилди. Асосий тадбир июнь ойи бошларида бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Юбилей арафасида қиролича монархия тақдирига дахлдор кутилмаган янгиликни эълон қилди. У ўзидан кейин қиролича этиб Корнуол герцогиняси, Елизаветанинг ўғли, бўлажак қирол Чарльзнинг рафиқаси Камиллани тайинламоқчи.
Шаҳзода Чарльз биринчи рафиқаси малика Диана билан ажрашганидан сўнг, 2005 йилда Камиллага уйланган. Аммо шу пайтга қадар Камилла Қиролича унвонини олмаган ва у қироллик оиласида “Шаҳзоданинг рафиқаси” (Princess Consort) унвонига эга бўлган, холос. Бу шаҳзода Чарльзнинг собиқ рафиқаси малика Диананинг хотирасига ҳурмат сифатида қабул қилинган қарор деб изоҳлаб келинади.
Қиролича Елизавета унвонлар тўғрисида бундай муҳим қарорни қабул қилишдан олдин тахтнинг бевосита меросхўрлари, шаҳзода Чарльз ва Уильям билан маслаҳатлашади. Шаҳзодалардан ташқари Британия жамоатчилиги ҳам Камиллани қиролича сифатида қабул қилиши лозим.
Ўзининг тахтдаги 70-йилини қаршилаётган 95 ёшли қиролича жамоатчиликка уни қўллаб-қувватлаб келаётгани учун миннатдорлик билдирган.
"Қўллаб-қувватлаганингиз учун барчангизга ўз миннатдорлигимни билдирмоқчиман. Менга кўрсатаётган садоқатингиз ва меҳр-муҳаббатингиз учун абадий миннатдорман", деган қиролича.
У ўз қарорини эълон қила туриб, “Вақти келиб ўғлим Чарльз қирол бўлганида, ишончим комилки, сиз у ва унинг рафиқаси Камилладан менга кўрсатган садоқат ва кўмагингизни аямайсиз. Мен чин дилдан, ўша вақт келганда, Камилла садоқатли хизматлари учун қиролича сифатида эълон қилинишини ҳоҳлайман”, деган.
Қироллик оиласидаги сир
Шаҳзода Чарльзнинг биринчи рафиқаси малика Диананинг 1997 йилда Парижда автоҳалокат туфайли содир бўлган ўлими сирли дея таърифлаб келинади.
Шаҳзода Чарльз ва Диана 1981 йилда турмуш қуришади. Уларнинг турмушидан шаҳзода Уильям ҳамда шаҳзода Гарри дунёга келади. 1992 йилда жуфтлик келишмовчиликлар сабаб бирга яшамаётгани ҳақида гап-сўзлар тарқайди. 1996 йилда эса улар расман ажрашади.
1995 йилда телевидениега берган интервьюсида малика Диана Чарльз билан муносабатларига Камилла раҳна солаётгани ҳақида маълум қилади.
“Бизнинг турмушимизда уч киши бор, шу сабабли у бироз тартибсиз”, дея билдирган Диана.
Чарльзнинг ҳозирги рафиқаси Герцогиня Камилла 1995 йилда биринчи турмушидан ажрашган. Унинг биринчи оиласидан икки нафар фарзанди ҳам бор.
Камилла биринчи турмушидан аввал ҳам шаҳзода Чарльз билан ишқий муносабатларда бўлиб келгани айтилади. Жуфтлик 2005 йилда расман турмуш қурган.
Ҳозирга қадар ОАВ малика Диананинг сирли ўлимида Чарльз ва Камиллани айлаб келади.
LiveБарчаси