Асилзода. 69 йилдан буён дунёни “қўлида тутаётган” аёл (1-қисм)

Бу қизиқ

image

 “Бизнинг дунёмиз ёқимли жой эмас. Эртами-кеч, ота-онангиз сизни тарк этади ва ҳеч ким сизни ҳимоя қилмайди. Сиз ўзингиз учун курашишни ўрганишингиз керак”.

Буюк Биритания қироличаси Елизавета II

1952 йил Буюк Британия қироли Георг VI вафот этди. Қиролнинг ўрнига унинг катта қизи Елизавета II тахтга ўтирди. Тахминларга кўра, у 25 180 кундан бери Британия тахтини эгаллаб келмоқда. Бу Жаҳон тарихида мутлақо рекорд ҳисобланади. Инглиз тарихчилари қироличага “сокин Елизавета” деб ном беришган. У ҳаёти давомида Уинстон Черчилль, Гарольд Вильсон, Гарольд Макмиллан, Жеймс Каллаган, Маргарет Тэтчер ва Борис Жонсон каби 13 та Бош вазир – кучли сиёсиятчилар билан келишиб, 69 йилдан буён давлатни бошқариб келмоқда. Елизавета II оммавий шахс бўлишига қарамай, унинг шахсий ҳаёти сирли парда ортига яширинган. 

Бугунги мақоламизда, Британия оролида энг узоқ ҳукмронлик қилаётган монархнинг ҳаёти, қандай қилиб қиролича бўлгани ва қироллик оиласига тегишли бўлган айрим сирлар ҳақида сўз юритамиз.

Тахтдан воз кечган қирол

1926 йилнинг баҳор кунлари. 21 апрель санасида Буюк Британия қироллик оиласида бахт чироғи порлади. Қирол Георг VI ва Елизавета Ангела қиз фарзандли бўлди. Қизалоқнинг ота-онаси унга Виктория деб исм қўймоқчи бўлишди. Бироқ қирол Герог V нинг таклифига биноан оиланинг янги аъзосига Елизавета Александра Мария (онаси, бувиси ва катта бувиси шарафига) деб исм қўйилди. 1926 йил 29 май куни Йорк черковида маликани чўқинтириш маросими бўлиб ўтди.

1936 йилда Буюк Британия қироли Георг V вафот этди. Унинг ўрнига Уэльс шаҳзодаси Эдуард VIII қироллик тожини кийди. Бироқ у бор-йўғи 325 кунгина ҳукмронлик қилди. Сабаби қирол Эдуард VIII икки марта ажрашган америкалик Уоллис Симпсонни севиб қолган эди. Монархия қонунларига кўра, қирол ажрашган аёл билан турмуш қура олмасди. Америкаликка ошиқ бўлиб қолган қирол Эдуард VIII ўз севгиси учун Британия тахтидан воз кечди. Шундан сўнг, Елизаветанинг отаси Георг VI Англиянинг навбатдаги қироли бўлди.

Қироличанинг урушда иштирок этиши

11 ёшли Елизавета ота-онаси билан Кенсингтондан Букингем саройига кўчиб ўтди. Малика уйда санъат ва мусиқадан таълим олди. Унинг ҳаёти бир маромда, гўзал суръатда кетаётган эди. Бироқ 1939 йил 1 сентябрь куни Иккинчи жаҳон уруши бошланди. Инсоният бошига кулфат келтирган уруш қироллик оиласини ҳам четлаб ўтмади. Ўша вақтда малика Елизавета эндигина 13 баҳорни кўрган эди.

1940 йилда Франция Германияга таслим бўлди. Шундан сўнг, Гитлер Буюк Британияга қарши “Денгиз шери” операциясига старт берди. Германия ҳаво кучлари Англияни бомбардимон қилишни бошлади. Бундай оғир ҳолатда Лорд Ҳаилшам қиролга маликалар Елизавета ва Маргаретани Канадага эвакуация қилишни таклиф қилди. Бироқ қиролича Елизавета Ангела бу таклифни қатъиян рад этиб, шундай деди:

“Кичик маликалар менсиз ҳеч қаерга кетмайди. Мен қиролни ташлаб кетмайман ва қирол ҳам ҳеч қачон мамлакатни тарк этмайди”.

Ёш малика Елизавета урушнинг кўп қисмини Лондон яқинида жойлашган Виндзор қалъасида ўтказди. У 1940 йилда биринчи марта радио орқали эшиттиришга чиқиб, шундай деди:

“Биз қўлимиздан келгунича ҳаракат қилишимиз керак. Жасур денгизчиларимизга, аскарларимизга ва учувчиларимизга ёрдам бериш учун биз ҳам урушнинг хавфи ва қайғусини тортишимиз керак. Охир-оқибат барчаси яхшилик билан тугайди”.

1945 йил февраль ойида Елизавета ўз ташаббуси билан “Ёрдамчи ҳудудий хизмат” бўлимига ўқишга киради. Ўқишни битиргач, малика лейтенант ҳарбий унвонини олди. У армияда беш ой давомида тез ёрдам автомобилининг ҳайдовчиси бўлиб хизмат қилди. Шундай қилиб, малика Елизавета қироллик оиласидан армияда расмий равишда хизмат қилган биринчи аёл бўлди.

Қироллик оиласидаги ҳойин

Собиқ қирол Эдуард VIII тахтдан воз кечган бўлса-да, асосий душман Адольф Гитлер билан алоқа ўрнатган. Хусусан бу ҳақида Сталин даврида КГБ (СССР Давлат хавфсизлик қўмитаси)нинг ўринбосари бўлган генерал-лейтенант Евгений Питовранов Эдвард VIII нинг нацистлар тарафида бўлганлиги ҳақида аниқ маълумот берган. 

Иккинчи жаҳон уруши олдидан Совет иттифоқининг раҳбари Иосиф Сталин қироллик саройида СССР жосуслари бўлишини истайди. Маълумки, Эдвард VIII америкалик Уоллис Симпсонни севиб қолган эди. Маълумотларга кўра, Симпсон хоним Германиянинг Лондондаги элчиси билан алоқада бўлган. Тўйдан сўнг Эдвард VIII рафиқаси билан биргаликда Германияга ташриф буюриб, Адольф Гитлер билан учрашган.

Махфий маълумотларга кўра, Эдвард ва Фюрер ўртасида келишув бўлган. Келишувга биноан Германия Англияни таслим эта олса, Эдвард қирол бўлиб тайинланиши керак эди. Бунинг эвазига собиқ қирол бир қанча давлат сирларини Фюрерга айтиб берган. Инглизлар бундан хабар топиб, собиқ қиролни Багама оролларига губернатор сифатида сургун қилишни режалаштирган. Ўша вақтда Буюк Британия Бош вазири бўлган Уинстон Черчилль (1940-1945) агар бу режа амалга ошмай қолса, Эдвардни йўқ қилишни буюрган.

Елизавета ва унинг оиласи

Бутун дунёни зир титратган уруш ниҳоят тугади. 1948 йил Елизавета радио орқали ҳаётини Британия империясининг хизматига бағишлашга тантанали ваъда бериб, қуйидаги сўзларни айтди:

“Мен ҳозир битта баёнот бермоқчиман. Бу жуда оддий. Барчангиз олдида эълон қиламанки, менинг бутун ҳаётим, хоҳ узоқми, хоҳ қисқа сизга ва барчамиз мансуб бўлган буюк империяга хизмат қилишга бағишланади”.

Малика Елизавета Буюк Британия қироличаси бўлиши аниқ эди. Энди унга бутун умр суянчиқ бўладиган муносиб турмуш ўртоқ керак. 21 ёшли малика ўзи учун муносиб бўлган йигитни топганди. Бу йигит Британия денгиз флоти офицери, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, Греция ва Дания қироллик оиласининг аъзоси ҳамда қиролича Викториянинг чевараси шаҳзода Филипп Маунтбаттен эди. 

Улар илк бор Дартмутдаги қироллик ҳарбий денгиз коллежида учрашишган. Иккинчи жаҳон уруши арафасида қирол Георг VI ва унинг оиласи коллежга ташриф буюради. Ўша вақтда 18 ёшда бўлган шаҳзода Филипп коллежга келган 13 ёшли малика Елизаветани севиб қолади. Тез орада улар ўртасида жонли ёзишмалар бошланди. Уруш юзага келгач, шаҳзода Филипп Ўрта Ер денгизи ва Тинч океанидаги қироллик денгиз флотида хизмат қилди. Урушдан қайтгач, малика Елизаветанинг қўлини сўради.

1947 йил 20 ноябрь куни Вестминстер саройида малика Елизавета ва шаҳзода Филипп Маунтбаттеннинг тўйи бўлиб ўтди. Тўйдан бир йил ўтиб, оилада тўнғич фарзанд – шаҳзода Чарльз Уэльский дунёга келди. 1950 йил 15 август куни иккинчи фарзанд – қизалоқ Анна туғилди. 1960 ва 1964 йилларда шаҳзодалар Эндрю ҳамда Эдвард дунёга келган. 

Британиянинг янги қироличаси

1951 йилда қирол Георг VI нинг аҳволи оғирлашди. Шу сабабли қиролнинг ўрнига малика Елизавета оммавий тадбирларга қатнаша бошлади. 1952 йил 6 февраль куни қирол Греорг VI вафот этди. Ўша вақтда малика Елизавета турмуш ўртоғи билан Кенияда таътилда эди. Таътил тугамай туриб Елизавета отасининг вафот этгани ҳақидаги хабарни олди ва 8 февраль куни мамлакатга қайтди. Уни аэропортда қиролликнинг юқори мансабдорлари қаршилади. Ўшанда Елизавета илк бор ўзини қироличалардек тутиб, протоколга мос равишда ҳаракат қилиши кераклиги уқтирилди. Таомилга кўра, у шуни куни самолётда у либосларини ўзгартириб, махсус қора либосни кияди. Махсус хизмат самолётдан аввал қиролича, орадан бир оз вақт ўтгач эса эри Филипп чиқишига рухсат беради.

“Отамнинг тўсатдан вафотидан кейин мен мамлакатнинг бурчи ва масъулиятини ўз зиммамга оламан. Мен ҳис-туйғуларга тўлиб-тошганман, шунинг учун бугун мен фақат отам каби бутун дунё бўйлаб тарқалиб кетган халқларимнинг фаровонлиги учун ҳаракат қиламан... Худодан бу қийин вазиятда ёрдам сўрайман”, деган эди Елизавета. 

Протоколга мос равишда мамлакат бошқарувига келаётган шахс ўзи исм-шарифидан бир номни танлаши керак эди. Елизавета Александра Мария ўзини Елизавета номи билан аташларини ихтиёр этади ва унга Елизавета II номи берилади. 

Самолёт бортидан рафиқасидан кейин тушиш, доим аёл кишининг ортида юриш Филипп учун ўта оғир эди. Шунга қарамай, асосан қироличанинг саъй-ҳаракати билан оила сақлаб қолинади. Боиси Британияда қиролича бир вақтнинг ўзида диний аркон саналган ва нафақат қироличанинг, балки қироллик оиласидан ҳеч кимнинг ажрашиши мумкин бўлмаган. Агар оилага дарз кетган тақдирда, оила мансуби қироллик оиласи берган барча ваколатлардан маҳрум қилинган.

Шундай қилиб тож кийиш маросими 1953 йил 2 июнь куни Вестминстер саройида бўлиб ўтди. Кентербер архиепископи Елизаветага 3000 дан ортиқ олмос, 277 марварид, шунингдек, сапфир, зумрад ва ёқут мавжуд бўлган қироллик тожини кийдирди. Бу маросимни телевидение жонли эфирда намойиш этди ва буни 27 миллион киши томоша қилди. Маросим вақтида Елизаветанинг эри тиз чўкиб, шундай деди:

“Мен, Филипп, руҳ ва танада сизнинг вассалингиз бўламан. Мен ҳаётимнинг охиригача сизга имон ва ҳақиқат билан хизмат қилишга қасамёд қиламан. Мен сизни ҳар қандай душманлардан ҳимоя қиламан. Худо менга ёрдам беради”.

Қиролича тожни кийгач, саройда йиғилган барча “Худо маликани сақласин!” деб ҳайқирди. Шундан сўнг одатга кўра қиролича Лондон кўчалари бўйлаб сайрга чиқди. Айни вақтда ёмғир ёға бошлади. Ёмон об-ҳавога қарамай, қироличани шаҳар кўчаларида уч миллионга яқин одам кутиб олди. Уларнинг барчаси янги монархни кўриш учун кўчага чиқишган эди. 

Тахтга ўтирган Елизавета II Британия колониялари бўйлаб олти ойлик саёҳатга отланади. Қиролича Австралия ва Янги Зеландияга ташриф буюрган биринчи монарх бўлди. Бундан ташқари, Елизавета II Фижи, Тонга, Бермуд, Ямайка, Панама, Кокос ороллари, Сейлон, Яман (Аден), Уганда, Ливия, Малта ва Гибралтарда бўлиб, 64 минг километр масофани босиб ўтди.

Ташқи сиёсат

Елизавета II ҳукмронлигининг дастлабки йилларидаёқ дунё етакчилари ва таниқли шахслар билан фаол учрашувлар ўтказди. 1953 йилнинг март ойида Елизавета II Букингем саройида Социалистик Югославия раҳбари Иосип Броз Тито шарафига зиёфат уюштирди. Бундан ташқари, 1956 йил 22 апрель куни Англия қироличаси Виндзор қасрида СССР Марказий Комитетининг биринчи котиби Никита Хрущёв ва СССР Вазирлар Кенгаши Раиси Николай Булганинни қабул қилди.

1961 йилда қиролича Кипр, Ватикан, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Непал, Эрон, Италия ва Гана давлатларига расмий ташриф буюрди.

Махфий маълумотларга кўра, бугунги кунгача қиролича Елизавета II га нисбатан кўп бор суиқасд амалга оширилган. Келгуси мақоламизда айнан қироличага уйиштирилган суиқасдлар, малика Диананинг ўлимига доир айрим сирлар ҳақида ва шаҳзода Гарри нима учун қироллик оиласига аъзолик мақомидан чиққанлиги ҳақида маълумот берамиз.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

554

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг