Агар Қиролича Елизавета II вафот этса... Қироличанинг дафн маросими бўйича протокол қандай?
Бу қизиқ
−
19 Ноябрь 2020
39158Куни кеча Франциянинг “Radio France Internationale” радиосида Буюк Британия Қироличаси, дунёдаги энг кекса ва узоқ вақт ҳукмрон бўлиб қолаётган қиролича Елизавета II ни марҳум шахслар рўйхатига киритиб қўйди. Ушбу тасодифий хабар яна қиролича Елизавета II вафот этса, унинг таъзия маросимини ўтказиш билан боғлиқ расмий протоколни кун тартибига чиқарди. Хўш, Елизавета II ўлса, нима бўлади?
Ажабланарлиси шундаки, ҳар қандай вазиятда хушмуомала ҳамда вазмин кўринган инглизлар Елизавета II нинг вафотидан кейин қандай яшашларини узоқ ва жиддий муҳокама қилишган.
2016 йил октябрь ойининг ўрталарида Таиланд императори вафот этди ва ер юзидаги энг кекса ҳукмдор монарх унвони ўша пайтдаги 90 ёшли Елизавета II га насиб этди. 1926 йилда туғилган бақувват аёл 1952 йилдан буён 68 йил давомида мамлакатни бошқариб келмоқда ва у Британия тарихидаги энг узоқ муддат бошқарган монархдир. Унга бўйсунувчиларнинг аксарияти Елизавета II даврида дунёга келган ва оламни усиз тасаввур қила олмайди. Хўш, у вафот этса, нималар бўлиши мумкин?
Катта молиявий зарарлар
Елизавета II нинг вафоти Буюк Британия иқтисодиётига катта зарар келтиради. Турли ҳисоб-китобларга кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 1,5 дан 6 миллиард фунт стерлинггача тушиб кетишига олиб келади. Ушбу молиявий йўқотишлар ўз ичига жаноза маросими харажатларини олмайди. Бундай йўқотиш, аввало, қиролича вафот этган дақиқалардан то 12 кун давом этадиган мотам, мамлакатда ишбилармонлик ва ижтимоий ҳаёт музлаши билан боғлиқ.
Қиролича ўлса, қимматли қоғозлар бозорлари ва банклар номаълум муддатга ёпилади. Телевизион каналлар барча кўнгилочар кўрсатувлари ва сериаллар намойишини бекор қилишга мажбур бўлади. Худди шу тақиқлар мамлакат бўйлаб театр ва концерт томошаларига ҳам тааллуқли. Кўнгилочар маҳсулотлар ва хизматлар соҳаси ақл бовар қилмас йўқотишларга дуч келади. Дафн маросими куни расмий равишда дам олиш куни деб эълон қилинади ва халқнинг онлайн тарзда қиролича билан видолашишига имкон берилади.
“Қирол ўлди, яшасин Қирол”
Қадимги анъана бор, унга кўра қироллик ҳокимияти ҳеч қачон тўхтамайди ва битта монарх вафот этиши биланоқ унинг ўрнини зудлик билан вориси эгаллайди. Шу сабабли, мотам пайтида қироллик белгиси – байроқ ҳеч қачон бошқа байроқлар сингари туширилмайди. Ушбу ворислик қоидаси бузилган камдан-кам ҳолатлар тарихда "нотинч вақт" деб номланган. Шундай қилиб, Қироличанинг вафоти эълон қилинган пайтда Буюк Британияда аллақачон янги монарх пайдо бўлади. Тахт 100% валиаҳд шаҳзода Чарлзга ўтади. Чунки тахтга бошқа ворис йўқ.
Қирол номининг сири
Кейинги Қиролнинг исми Карл (Чарлз) деб ўйлаш хато. Ҳозирги валиаҳд шаҳзода Қирол бўлгач, унинг тўрт исмидан қай бирини Қиролга нисбатан қўллаш ҳали маълум эмас. Танлов бор: Карл III, Филипп II, Георг VII ва Артур I. Исм ўзгариши эҳтимоли қанча? Мутахассисларнинг фикрига кўра, бу жуда муҳимдир. Янги Қиролнинг исми онаси вафот этганлиги тўғрисида расмий хабар билан бирга эълон қилинади. Аммо Қиролга тож кийдириш маросими 5-6 ойдан кейин бўлиб ўтади. Бу вафот этган монарх учун "мотам" анъаналаридан бири саналади.
Кейт Уэльс маликаси унвонини ололмаслиги мумкин
Тахтга энг яқин даъвогар автоматик равишда "Уэльс шаҳзодаси" унвонини олади. Унинг рафиқаси Уэльс маликасига айланади. Отаси тахтга ўтирганда Уильям ҳақиқатан ҳам Уэльс шаҳзодасига айланади, аммо Уильямнинг онаси – 1997 йилда фожиали равишда вафот этган малика Диана эканлигини ҳисобга олиб, рафиқаси Кейтга Уэльс маликаси унвонидан воз кечишни тавсия қиллишган. Бу шунчаки тахмин, албатта. Кейт Уэльс маликаси бўладими ёки йўқ – буни вақт кўрсатади.
Дарвоқе, Чарлзнинг рафиқаси Камилла Паркер-Боулз Уэльс маликаси унвонини олмасликка қарор қилган. Боиси "Уэльс маликаси" унвони марҳум Диана билан жуда қаттиқ боғланган бўлиб, Камилла Паркер-Боулз бу номга даъво қила олмайди.
Қиролича вафот этганини эълон қилиш учун махфий код ишлатилади
Қироличанинг ўлими – назорат остида ушлаб турилиши, кейинги барча қадамлар аниқ ва тез бажарилиши керак бўлган ҳодиса. Қироличанинг ўлими ҳақидаги хабар биринчи бўлиб Бош вазирга етказилади. Кейин бошқа раҳбарлар бундан хабар топади. Ҳаракат режаси ва хабар беришнинг махфий коди аллақачон ишлаб чиқилган. У "Лондон кўприги қулаб тушди" қабилида ҳам бўлиши мумкин. Бироқ, матбуотга энди бу кодлар у қадар сирли эмас. Чунки бу ҳақда ёзмаган ОАВ деярли қолмаган.
Буюк Британия давлат мадҳиясининг сўзларини ўзгартириш керак
Ўзгартиришлар давлат мадҳиясидан бошланади. Унда "Худо Қироличани асрасин" деган сўзларни "Худо Қиролни асрасин" билан алмаштириш керак бўлади. Шубҳасиз, ушбу мадҳияни бутун умри давомида куйлаганларни янгисига ўргатиш осон бўлмайди. Шунингдек, янги тангалар ва банкноталар муомалага чиқарилади, улар учун Британия зарбхонаси Чарлз портрети туширилган мос бланкаларни тайёрлаб қўйган. Британиялик полиция ходимларининг дубулғасида янги ёзув пайдо бўлади, чунки уларда Қиролича Елизавета II исмининг бош ҳарфлари ёзилган. Шунингдек, ҳарбий нишонларни янгилаш талаб этилади. Қироличанинг сурати туширилган почта маркалари босқичма-босқич бекор қилинади.
Парламент аъзоларининг қасамёди
Бугунги кунгача сақланиб қолган қоидаларга кўра, ҳатто вафот этган Қироличани дафн этишдан олдин ҳам турли куч тузилмалари янги Қиролга содиқлик қасамёдини қилишлари шарт. Қасамёдни энг аввало парламентнинг икки палатаси аъзолари бошлаб беради.
Барча парламент аъзолари Қиролга қасамёд қилишлари керак, бунинг учун уларга бир неча кун вақт берилади. Қасамёд қилмай туриб бирон бир депутат маош олмайди, йиғилишларда қатнашиш ёки овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этилади.
Миллатлар Ҳамдўстлигидаги муаммолар эҳтимоли
Қироличанинг ўлими янги почта маркаларидан кўра чуқурроқ оқибатларга олиб келади. Ҳозирда Британия монархи Елизавета II нафақат Буюк Британиянинг, балки 52 мамлакатни ўз ичига олган Миллатлар ҳамдўстлиги, жумладан Австралия, Канада, Ямайка, Янги Зеландия ва Барбадоснинг ҳам расмий раҳбари ҳисобланади.
Ҳамдўстлик замонавий дунёда Буюк Британиянинг собиқ мустамлакалари ўртасидаги савдо-сиёсий муносабатлар шаклида сақланиб қолган Британия империясининг қолдиқларини англатади. Ушбу мамлакатларнинг аксарияти ўзларининг хоҳиш-иродаларига қарши Британия империясининг таркибига кирдилар ва уларнинг деярли барчаси анча аввал мустақиллигини эълон қилган.
Ҳамдўстликнинг ҳар бир мамлакати ундан бир томонлама қарор билан ихтиёрий равишда чиқиб кетиш ҳуқуқига эга. Қироличанинг вафоти баъзи Ҳамдўстлик давлатларининг Буюк Британия билан иттифоқини бир умрга тугатишига сабаб бўлиши мумкин. Британиянинг янги Қироли, албатта, воқеаларнинг бундай ўзгаришига йўл қўймаслик учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширади. Бу Қирол Чарлз учун чинакам жиддий синов бўлиши турган гап
Қироличанинг қаерда вафот этишидан қатъи назар унинг жасади аввало Букингем саройига олиб борилади. Агар у хорижий мамлакатдаги сафари давомида вафот этса, жасад зудлик билан самолётда Лондонга олиб келинади. Қироличанинг жасади тобутда Букингем саройида бир неча кун видолашишга қўйилади. Одамлар қиролича Елизавета II билан хайрлашиш ва ўзларининг эҳтиромларини билдириш учун келишлари мумкин.
Инглизлар ҳар қачон референдум билан монархияни тугатиши мумкин
Инглизлар Қироличани жуда яхши кўришади. Унинг аҳоли орасида рейтинги ҳар доим юқори бўлган ва бу мавқе шу кунгача сақланиб келмоқда. Бундай обрўга эришиш қийин эмас, чунки Буюк Британиядаги монарх ҳақиқий кучга эга эмас ва мамлакатни бошқармайди. Одамлар, агар хоҳласалар, монархиядан референдум орқали воз кечишлари мумкин эди. Яъни инглизлар Европа Иттифоқини тарк этгани сингари, монархияни бекор қилишлари мумкин эди. Бироқ, улар Қироличани мамлакатнинг алоҳида ажратиб турувчи белгиси деб билишади.
Қироличанинг шифокори ва унинг вазифалари
Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Қиролича Елизавета II узоқ давом этмайдиган касаллик сабаб оиласи даврасида вафот этиши эҳтимоли катта. Монарх ҳаётининг сўнгги соатларида Қиролича шифокори, тиббиёт профессори Хью Томас асосий шахсга айланади. Қироличанинг хоналарига кимни киритиш ва унинг саломатлиги ҳақида субъектлар нимани билиши кераклигини у белгилайди.
Букингем саройи дарвозасидаги эълон
Қиролича бу дунёни тарк этганда ва одамларга бу қайғули воқеа ҳақида хабар бериш вақти келганида, маъюс кўринишдаги киши Букингем саройининг эшикларидан чиқиб, ҳовлидан ўтиб кетади ва миқ этмай, дарвоза олдидаги мотам рамкасига эълонни осиб қўяди. Бу қадимий ва ўзига хос анъана.
RATs тизимини фаоллаштириш
Қиролича вафот этган тақдирда, BBC RATS (Radio Alert Transmission System)ни фаоллаштиради ва оммани хабардор қилади. Бу олий даражадаги шахсларнинг ўлими ҳақида хабар бериш учун ишлатиладиган махфий протокол. У 30-йилларда ишлатила бошланган ва бугунги кунда ҳам қўлланилади. У ҳақида камчилик билади.
Икки миллион атиргул
Елизавета II нинг дафн маросими учун қирол гулзорлари ва боғдорчилик фермаларидан икки миллион гулдаста буюртма қилинади. Бу расмий маълумот.
Дафн маросимигача, айниқса, дафн этиладиган кун мамлакатнинг барча қуролли кучлари ва хавфсизлик хизматлари тўлиқ жанговар шай ҳолатда бўладилар. Таъкидланишича, Қироличанинг дафн маросими нафақат афсонавий монарх учун мотам тутмоқчи бўлган миллионлаб одамларни, балки юзлаб ғаразли кимсаларни ҳам жалб қилади. Энг аҳамиятлиси шуки, бу эфирда мафкуравий террористик ҳаракатларни ўтказиш учун имконият бўлиши мумкин. Албатта, бундай кучайтирилган чора-тадбирлар давлат хазинасидан катта маблағ сарфланишига олиб келади.
LiveБарчаси