Тахмина Икромова Жаҳон кубоги босқичида совриндор бўлди
Спорт
−
15 Апрель
1832Болгариянинг София шаҳрида бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги босқичи баҳслари якунланди. Турнирда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси 1 та кумуш медалга сазовор бўлди.
Тўп билан машқ дастурида ўзбекистонлик Тахмина Икромова 34.050 балл билан 2-ўринни эгаллади. Шунингдек, у булавадаги машқда 30.750 балл билан бешинчи, халқадаги дастурда эса 33.300 балл билан олтинчи натижани қайд этди.
Маълумот учун, 19 ёшли Тахмина Икромова Осиё ўйинлари ва Осиё чемпионати ғолиби саналади. У ўтган йили август ойида Испаниянинг Валенсия шаҳрида ўтказилган Жаҳон чемпионатининг кўпкураш дастурида 4 машқ якунидан сўнг 124.200 балл билан 9-ўринни эгаллаб, ўзбекистонлик спортчилар орасида биринчи бўлиб Париж-2024 Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритганди.