Такаичи Россия билан тинчлик шартномаси тузмоқчи
Олам
−
20 Февраль 2944 2 дақиқа
Япония Бош вазири этиб қайта сайланган Санаэ Такаити Россия билан тинчлик шартномаси тузишни исташини маълум қилди. Бу ҳақда у “Yomiuri Shimbun” газетасига берган интервьюсида сўз очди.
Такаити Япония ва Россия ўртасидаги муносабатлар мураккаб бўлишига қарамасдан, ҳудудий масалаларни ҳал этиш ва тинчлик шартномаси тузиш бўйича расмий Токио сиёсатини ўзгартирмаганини билдирган.
“Япония ва Россия ўртасидаги муносабатлар қийин бўлишига қарамай, ҳудудий масалаларни ҳал этиш ва тинчлик шартномаси тузиш бўйича Япония ҳукумати сиёсати ўзгаришсиз қолмоқда”, деган у.
Қайд этиш жоиз, Такаити аввал ҳам Япония ҳукумати ҳудудий масала ва тинчлик шартномаси бўйича Россия билан ўзаро тушунишга эришиш учун қатъий ҳаракат қилишини айтган.
Унинг айтишича, Иккинчи жаҳон уруши якунланганига 80 йилдан ошганига қарамасдан, Япония ҳануз Россия билан тинчлик шартномаси тузмаган ва икки давлат ўртасидаги ҳудудий масала ҳал этилмаган.
“Бу ҳақиқатан ҳам афсусли ҳолат ва аламли. Ҳукумат бу масалага жиддий қарайди”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил октябрь ойида Санаэ Такаити Япония Бош вазири лавозимини эгаллаган ва бу лавозимга тайинланган илк аёл бўлганди. Жорий йил январь ойида у парламентнинг қуйи палатасини муддатидан аввал тарқатди. 18 февраль куни Япония парламенти ҳукмрон коалициянинг муддатидан олдинги парламент сайловларидаги ишончли ғалабасидан сўнг Санаэ Такаитини Бош вазир лавозимига расман қайта сайлади.
Live
Барчаси