Такаити Япония Бош вазири лавозимига қайта сайланди

Олам

image

Бугун, 18 февраль куни Япония парламенти ҳукмрон коалициянинг муддатидан олдинги парламент сайловларидаги ишончли ғалабасидан сўнг Санаэ Такаитини Бош вазир лавозимига расман қайта сайлади. Бу ҳақда “Kyodo News” хабар берди.

Парламентнинг махсус сессияси бошланишидан олдин мамлакат конституцияси талабига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси истеъфога чиқди. Кейинроқ Такаити янги ҳукумат таркибини эълон қилиши кутилмоқда, бунда вазирларнинг аксарияти ўз лавозимларини сақлаб қолиши мумкин. Хусусан, Ташқи ишлар вазири Тосимицу Мотэги, мудофаа вазири Синдзиро Коидзуми ҳамда молия вазири Сацуки Катаяма ўз ўрнида қолиши эҳтимоли бор.

Жорий йилнинг 8 февраль куни бўлиб ўтган муддатидан олдинги сайловларда Такаити бошчилигидаги Либерал-демократик партия парламентдаги ўринларини 198 тадан 316 тага оширди, унга иттифоқчи Япония инновациялар партияси эса 36 тадан 38 тага кўпайди. Бу ҳукмрон кучлар учун энг йирик ғалаба бўлди. Шу билан бирга, мухолифатдаги Комэйто ва Конституциявий-демократик партия иттифоқи ўринлар сонини 167 тадан 49 тагача қисқартирди.

Маълумот учун, Санаэ Такаити хавфсизлик масалаларида қатъий позицияси билан танилган. У 1947 йилдаги Япония конституциясининг мамлакатнинг милитаризмдан воз кечишини мустаҳкамловчи тўққизинчи моддасини қайта кўриб чиқиш тарафдори. Сайловдаги ғалабадан сўнг у асосий қонунга ўзгартириш киритиш ниятида эканини билдирган, бироқ тафсилотларни очиқламаган. Конституцияни ислоҳ қилиш учун парламентнинг ҳар икки палатасида депутатларнинг учдан икки қисми қўллаб-қувватлаши ва кейинчалик умумхалқ референдуми ўтказилиши талаб этилади. Япония ОАВлари қайд этишича, мамлакат конституцияси 1947 йилда қабул қилинганидан буён ўзгартирилмаган.

“Associated Press” маълумотларига кўра, янги ҳукуматнинг устувор вазифалари орасида нархлар ошиши ва иш ҳақи ўсишининг сустлигига қарши кураш, шунингдек, сайловлар сабаб кечиктирилган бюджетни қабул қилиш масаласи бор.

Такаитининг Тайвань масаласидаги баёнотлари аввалроқ Хитой билан муносабатлар совуқлашишига олиб келган. Декабрь ойида у Япония мудофаа харажатлари 2027 йилгача режалаштирилган 2 фоизлик ЯИМ кўрсаткичига муддатидан олдин етганини айтган. Кейинчалик Вазирлар Маҳкамаси қарийб 58 миллиард долларлик рекорд даражадаги мудофаа бюджетини маъқуллаган. AP хабарига кўра, Токиода атом сувости кемаларини ишлаб чиқиш имконияти кўриб чиқилмоқда, шунингдек Такаити АҚШ, Буюк Британия ва Австралия билан разведка маълумотлари алмашинувини кенгайтириш ҳамда жосусликка қарши курашни кучайтириш ниятида. 

АҚШ Президенти Дональд Трамп сайловлар арафасида Такаитини қўллаб-қувватлашини билдирган. Бундан ташқари, у миграция ва хорижий фуқаролар устидан назоратни кучайтириш тарафдори эканини ҳам таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Япония Бош вазир Санаэ Такаити

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг