Таглик ва тиш чўткалари каби “хавфли” товарларни рўйхатдан ўтказиш бекор қилинади
Жамият
−
18 Апрель 5351 2 дақиқа
Ўзбекистонда хавф даражаси юқори бўлган 7 та товар гуруҳидаги маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказиш амалиёти бекор қилинади. Бу ҳақда бугун, 18 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўтаётган дунёда юз бераётган иқтисодий тебранишларнинг Ўзбекистон соҳа ва тармоқларига таъсирини юмшатиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилди.
“Бир сўз билан айтганда, биз маҳсулотларнинг бозорга киришини енгиллаштириб, уни реализациясидаги назоратни кучайтирамиз. Бу халқаро амалиётда ўзини оқлаган”, деди Президент.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 14 августда қабул қилинган ва шу йили 15 ноябрдан кучга кирган “Маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва мувофиқликни баҳолаш тартибларига оид низомларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида “Хавф даражаси юқори” маҳсулотлар сифатида қуйидаги 7 хил товарлар гуруҳи қайд этилган:
- болалар учун сўрғичлар;
- 3 ёшгача бўлган болалар учун бош кийимлар;
- пижама, ички шим, панталон, иссиқ кўйлак (фуфайка), ички кўйлак (комбинация), майка, таглик, қалпоқча, слайдер, калта кўйлак (блузка), ички кийим, тугмасиз яктакча (распашонка) ва шунга ўхшаш 3 ёшгача бўлган болалар кийимлари
- пайпоқли иштончалар (колготка), пайпоқлар, узун пайпоқ (чулки) ва ярим узун пайпоқлар (ярим чулки) ҳамда шунга ўхшаш 3 ёшгача бўлган болалар кийимлари;
- намликни ютувчи материаллар (тагликлар), шунингдек, гигиеник пахта таёқчалар (бурун ва қулоқни тозалашга) ва болалар учун мўлжалланган шунга ўхшаш бошқа маҳсулотлар;
- 3 ёшгача бўлган болаларни овқатлантириш учун идишлар;
- тиш чўткалари.
Мазкур қарор билан юқорида саналган товарларни мажбурий давлат рўйхатидан ўтказиш белгиланган эди. Бироқ ҳали маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказиш амалиёти қачондан бекор қилиниши номаълум.
Эслатиб ўтамиз, мазкур йиғилишда 1 июлдан бошлаб бирорта товар экспортига чеклов бўлмаслиги эълон қилинганди. Фақат 86 та товар гуруҳига кирган хомашё ва ижтимоий аҳамияти юқори маҳсулотларга нисбатан экспорт божлари жорий қилинади.
Live
Барчаси