Тадбиркорлар шўрига-шўрва. Бизнес Омбудсман қидирилмоқда
Жамият
−
23 Сентябрь
17002“Ихтиёрий-мажбурий қуёш панеллари”. Сентябрь ойида мажбуран ўрнатилаётган қуёш панеллари мавзусини нафақат QALAMPIR.UZ, балки бошқа ОАВлар ва блогерлар ёритди. Тадбиркорлар Ҳудудий электр тармоқларидан 10 кун ичида қуёш панели ўрнатиш, ўрнатмаса, электр энергияси ва табиий газдан узилиш бўйича огоҳлантириш хатларини олди, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва Энергетика вазирлиги “тадбиркорлар мажбурланмаяпти”, деб чиқди. Бу орада эса аллақачон тадбиркорлик субъектларини электр энергиясидан узиш ишлари бошлаб юборилди. Ўзининг Telegram-каналида “Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Бизнес-омбудсман ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органларига, уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда амалга оширади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобот беради”, деб қўйган Бизнес-омбудсман ҳали ҳам ғиқ этганича йўқ.
Бу ташкилот ишламаяптими, деб уларнинг Telegram-каналини кузатдик. Йўқ, бинойидек маълумотлар бериб, тадбиркорларга берилган имкониятларни муҳокама қиляпти улар. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва Энергетика вазирлиги эса куз-қишга тайёргарлик ишлари ва қуёш панелларининг тежамкорлиги ҳақида ахборот бермоқда.
Бу ёқда шўринг қурғур тадбиркорлар нима қиларини билмай ўтирибди. Улар орасида огоҳлантириш хатлари олмасдан чироғи ўчирилганлар ҳам бор.
Шахси сир сақланишини сўраган наманганлик тадбиркорга кўра, 9 сентябрь куни электр тармоқлари корхонаси ходимлари қуёш панеллари ўрнатиш кераклиги ҳақида тадбиркорни оғзаки огоҳлантирган. Орадан 9 кун ўтиб, 18 сентябрь куни тадбиркорлик субъектини чироқдан узиб қўйишган. Асосий талаб қуёш панеллари ўрнатиш.
“Менга қарашли бинода иккита тадбиркор фаолият олиб боради. Ҳар иккиси ҳам солиқ тўловчи. Шу вақтгача ҳеч қандай муаммосиз ишлаб келишяпти. Қуёш панель ўрнатиш ҳақида ҳеч қандай огоҳлантириш хати олганим йўқ. 9 сентябрь куни туман электр тармоқлари ходимлари қўнғироқ қилиб, қуёш панели ўрнатиш ҳам мажбурий, ҳам тавсия эканини айтди. Қуёш панель ўрнатишга ортиқча маблағ йўқлигини айтишимга қарамай, 18 сентябрь куни келиб, “свет”дан узиб кетишди”, дейди тадбиркор.
Қашқадарё вилоятининг Косон туманида ҳам вазият шундай. Таҳририят билан гаплашган тадбиркорга кўра, Косондаги ўнлаб тадбиркорларга огоҳлантириш берилмасдан электр энергиясидан узишган.
“Ўнлаб тадбиркорларни электр энергиясидан узиб қўйишди. Огоҳлантириш хатлари берилгани йўқ. Кўпчилик озиқ-овқат сотади. Бу дегани ҳамма ўрнатишга мажбур бўлади”, дейди косонлик тадбиркор.
Ҳеч қандай огоҳлантиришсиз чироғи ўчирилаётганлар Тошкент вилоятида ҳам бор. Тошкент туманида фаолият олиб борадиган тадбиркорлардан бирининг айтишича, туман электр тармоқлари ходимлари тадбиркорлик субъектига бориб, трансформаторнинг олдида туриб, унга қўнғироқ қилишган ва қуёш панели ўрнатган ё йўқлигини сўрашган. Қизиқ томони, бу тадбиркор ҳам огоҳлантириш хати олмай туриб чироқдан узилган.
QALAMPIR.UZ манбаларига таяниб, қуёш панелларини ўрнатишга мажбурловларнинг бошида прокуратура турган бўлиши мумкин, деганди. Буни таҳририятга мурожаат қилган бир нечта тадбиркорлар тасдиқлади. Нафақат прокуратура, унинг тузилмасида бўлган Мажбурий ижро бюроси ҳам бу ишларга бош қўшганга ўхшайди.
Наманганлик тадбиркорнинг айтишича, уни туман МИБ раҳбари чақириб анча "тузлаган".
“Туман МИБ раҳбарини хонасидан чиқяпман. Нима дейишгаям ҳайронман, тўғриси. Уч кун ичида қуёш панели ўрнатишимни айтишяпти. Ўрнатмасак, чироқ ёнмасмиш. Менга тегишли бинода ишлаётган тадбиркорларга жойни бўшатиб қўйишларини айтдим. Мажбурлов ортидан 3 та тадбиркор ва яна қанча ишчиларнинг шўри қурийди. Қуёш панели арзон турмайди, ўрнат, деганда дарров ўрната олмаймиз ҳам. Тўғриси, ҳафсалам пир бўлди. Бу кетишда бор нарсани сотиб, қизил паспортни олиб чиқиб кетамиз, шекилли. Ишлашга қўйишмаяпти”, дейди асаблари таранг тадбиркор.
Тошкентдаги тадбиркорга эса прокуратура биносида уч кун муҳлат берилган.
“Корхонамни электр энергиясидан узиб қўйишганидан кейин туман прокуратурасига боришга мажбур бўлдим. Прокурор менга Президент қарори борлиги ҳамда 3 кун ичида қуёш панеллари ўрнатмасам бўлмаслигини айтди.
Корхона ишлаши, ходимлар ҳам рўзғор тебратиши керак. Шу сабабдан “оборот”даги пулдан олиб қуёш панель ўрнатишга мажбур бўлдим. Қуёш панелини ўрнатиш 3000 АҚШ долларига тушди. Суриштирсам, бу панель ҳаво булут бўлганда, қуёш кўринмаган вақтларда биз ишлатадиган ускуналарга керакли токни етказиб беролмайди. Пешин вақтларида яхши етказади. Хуллас, мажбур бўлдим тўғриси”, дейди тадбиркорлардан бири.
Қашқадарёдаги ҳолатда эса тадбиркорларнинг чироқлари ўчирилишига ҳокимлик бош-қош бўлган. Тадбиркорлар сўзидан маълум бўлдики, бу ишни бошлаган энг қуйи туман электр тармоқлари бўлса, ишни давом эттириш 4 та сектор раҳбарлари зиммасига юклатилганга ўхшайди.
Энергетика масаласига нега прокуратура ёки МИБ аралашяпти, деган савол сизда пайдо бўлган бўлиши мумкин. Бунга ҳам тўхталиб кетсак. Ҳар ҳолда ўз-ўзидан эмас.
Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йил январь ойида ўтказган йиғилишда ДХХ ва Бош прокуратурага энергетика тизимидаги коррупцияни йўқ қилиш бўйича алоҳида чоралар кўриш топшириғини берганди.
Орадан бир ой ўтиб февраль ойининг 13 санасида Президент Шавкат Мирзиёев имзоланган “ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга кўра, Бош прокурорнинг ўринбосарлари яна биттага кўпайганди.
Бош прокурорнинг янги ўринбосарига ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида қонунчиликка риоя этилиши ва унинг ижроси устидан назоратни амалга ошириш вазифаси юклатилганди.
Шундан бўлса керак, қуёш панелларини ўрнатиш учун тадбиркорлар билан прокурорлар шуғулланмоқда.
Энергетика соҳасидаги коррупцион ҳолатларни ё бошқаларни прокуратура назорат қилиши яхшидир, лекин салла деса, каллани олиш мутлақ нотўғри нима дедингиз?
Юқорида аҳамият берган бўлсангиз, тадбиркорларнинг исм-шарифи ва бошқа маълумотлари келтирилмаган. Таҳририятга мурожаат қилган кўплаб тадбиркорлар шахси сир сақланишини сўради. Нега дейсизми? Уларнинг ҳаммаси ўзидан қўрқади. Қуёш панель ўрнатмаса, юқоридагиларнинг айтганини қилмаса, текширув бошланади, югур-югур кўпаяди. Бунинг ортидан иш тўхтайди. Оч қорним, тинч қулоғим деганларидек, тадбиркорлар ҳам иши тинч юриши учун қуёш панель қўйишга мажбур бўлади. Энергетика вазирлигидагилар ҳали ҳам ҳеч ким электр энергияси ёки газдан узилмайди, деб ўтирган бўлса, Бизнес-омбудсман эса бир чеккада тадбиркорлар ҳуқуқи бузилаётганига жим қараб, кузатиб ўтираверади.
LiveБарчаси