Таҳлил: ЖССТ коронавирус бўйича янги фактларни эълон қилди
Таҳлил
−
13 Апрель 2020
15141Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти жорий йилнинг 12 апрель куни коронавирус бўйича навбатдаги ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра, коронавирусдан касалланган беморлар сони 1.696.588 нафарни ташкил қилмоқда. Кеча, 12 апрелнинг ўзида дунё бўйлаб коронавирус юқтириш бўйича 85.679 та янги ҳолат аниқланган. Касалликдан вафот этганлар сони 105.952 нафарни ташкил этмоқда. Шулардан 6262 таси кечанинг ўзида қайд этилган.
Кўрсаткичлар бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, АҚШ беморлар сонининг ўсиши бўйича ўзининг рекордини янгилади. Кечанинг ўзида 31.606 та янги ҳолат қайд этилиб, умумий беморлар сони ярим миллионга яқинлашган, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, 492.881 нафарга етди. Ўлимлар сони эса 18.516 (12 апрелнинг ўзида 1920 та янги ўлим ҳолатлари) нафарни ташкил қилмоқда. Канада давлатида ҳам касалланганлар сони ортган. 12 апрель ҳисоботи бўйича улар сони 22.544 нафарга етган. Ўлимлар сони 69 нафарни ташкил қилмоқда.
Африка қитъасида ҳам коронавирус хавфи ортиб бормоқда. Соҳа мутахассислари 50 дан ортиқ давлатларни бирлаштирган ушбу қитъа коронавирусга дош бера олмаслигини айтмоқда. Асосий факторлар сифатида озиқ-овқат танқислиги натижасида инсон танасидаги витаминларнинг камлиги, бунинг натижасида касалликка курашувчанлик фоизи пастлиги, тиббиётнинг ривожланмаганлиги кабилар кўрсатилмоқда. Коронавирус билан касалланган беморлар энг юқори кўрсаткичи Жанубий Африкада бўлиб, ушбу давлатда ҳозирча 2028 нафарни ташкил қилмоқда. Битта ўлим ҳолати қайд этилган. Унга қарама-қарши тарафда, қитъанинг шимолий қисмида жойлашган Жазоирда эса вазият бироз оғир аҳволда қолмоқда. Ўлимлар сони кечанинг ўзида 19 тага ортиб, вафот этганлар 275 нафарга етган.
Европада тиббиёт анча ривожланган бўлса-да, у ердаги вазият оғирлигича қолмоқда. Италия, Испания, Германия каби давлатлар касалланганлар кўрсаткичи бўйича “биринчилик”ни бермай келмоқда. Уларда ўлим ҳолати ҳам нисбатан анча юқори ҳисобланади. Коронавирусдан касалланганлар сони Испанияда 161.852 нафар (шундан 4830 та янги ҳолат), Италияда 152.271 нафар (+4694 ) ва Германияда эса 129.479 нафарни (+2821) ташкил этмоқда. Италияда ўлим фози юқори бўлиб, ҳозиргача 19.470 тага етди. Ушбу қитъада энг паст кўрсаткичлар Монако (54 нафар) ва Лихтенштейн (80 нафар) каби давлатларда кузатилмоқда. Монакода коронавирусдан вафот этган ҳолати ҳали кузатилмади.
Хўш, ўзимизнинг Осиёда вазият қандай? Вируснинг “ватани” бўлган Хитойдан бошласак, у ерда 12 апрель маълумотлари бўйича ўлим ҳолати кузатилмади. Касалликни юқтирган 113 та янги ҳолат аниқланиб, улар сони 83.482 нафарга етган. Унга қўшни Монголия давлатида эса коронавирусни юқтирганлик бўйича янги ҳолат аниқланмаган, касалланганлар сони 16 нафарни ташкил қилмоқда. Эронда эса вазият анча жиддий, коронавирусдан 70.029 нафар (+1837) инсон касалланган. Саудия Арабистонида эса касалланганлар сони 4 мингдан ошган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. 12 апрель соат 23:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилган фуқаролар сони 865 нафарни ташкил қилмоқда.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor