Отанг амалдор бўлса ёхуд Қодировнинг ўғлига тегишли 8 млн долларлик мулк аниқланди
Таҳлил
−
16 Май
13740Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Рашид Қодировнинг ўғли Алишер Қодировнинг Дубайда 7,9 млн долларлик кўчмас мулкка эгалик қилиши аниқланди. Бу ҳақда Уюшган жиноятчилик ва коррупция ҳақида хабар бериш лойиҳаси (Организед Crime and corruption reporting project, ОCCРП) маълум қилди.
Қидирувга берилган ўғил
2018 йилда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан товламачилик ва фирибгарликда айбланиб, қидирувга берилган Алишер Қодировнинг Дубайда тўртта Marina Plaza офиси борлиги аниқланган. 1,9 миллион доллардан 2 миллион долларгача бўлган мулкнинг умумий қиймати 7,9 миллион долларга баҳоланмоқда.
45 ёшли Алишер Қодиров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми А-банди (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган товламачилик), 165-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдордаги товламачилик), 168-моддаси 3-қисми “а” банди (кўп миқдордаги фирибгарлик), 168-моддаси 4-қисми “а” бандида (жуда кўп миқдордаги фирибгарлик) назарда тутилган жиноятларни содир этишда гумонланган.
Юқорида Алишер Қодиров Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Рашид Қодировнинг ўғли эканини айтиб ўтдим. Қизиғи ота-боланинг тақдирларида ўхшашлик бор. Аммо ота Рашид Қодиров қамалиб чиқиб, ўз жазосини олган.
Хўш, собиқ бош прокурор нега қамалиб чиққанди?
Мамлакат Бош прокуратурасини 15 йил бошқарган Рашид Қодиров 2019 йил 26 июнь куни, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг ҳукми билан, прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда катта лавозимларда ишлаган 13 нафар шахс билан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб пора олиш, пора беришга далолат қилиш, фирибгарлик, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш, тергов қилишга ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш каби ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.
Рашид Қодировга Жиноят кодексининг 50-моддаси 6-қисми тартибида 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Бундан ташқари, суд оғир ва ўта оғир жиноятлар учун судланган Рашид Қодировни махсус унвон ва давлат мукофотларидан маҳрум қилган. Ўшанда Рашид Қодиров ва бошқаларга нисбатан очилган жиноят ишининг судда кўрилиши ҳам оммавий ахборот воситалари учун очиқ бўлиши айтилганди. Хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг апрелида Андижон вилоятига ташрифи вақтида ўтказилган йиғилишда собиқ бош прокурор Рашид Қодиров телевидение орқали гапиртирилиши ҳақида айтиб ўтганди. Аммо якунда ундай бўлмади. Унга нисбатан очилган жиноят иши эса ёпиқ суд мажлисларида кўрилиб, жазо тайинланди.
10 йилга қамалиб, 3,5 йилда чиққан Қодиров
Ажабланарли томони собиқ бош прокурор 10 йил муддатга қамалган бўлса-да, 2023 йилнинг 2 январь куни суд қарори билан озодликка чиқди.
Маълумотларга кўра, 2023 йилнинг 29 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Зангиота тумани судида Рашид Қодировга оид ишни кўриб чиқиш бўйича суд мажлиси бўлиб ўтган. Суднинг ҳукмига кўра, Рашид Қодиров Жиноят кодексининг 73-моддаси (Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш) билан озодликка чиқарилган. У Зангиота тумани 22-сонли жазони ижро этиш муассасасида сақланган.
Қамалган фақат Қодиров эмас
Ҳа айтганча, Қодировлар оиласида қамалган фақат Рашид Қодиров эмас. Собиқ бош прокурорнинг куёви Нодир Тўрақулов, Сурхондарё вилояти миллий хавфсизлик хизмати бошқармаси бошлиғи бўлган. У 2018 йилда порахўрликда айбланиб, 16 йилга қамалган. Тасаввур қилинг-а? Бутун бир мамлакатнинг Ички ишлар вазирлиги томонидан қидирувга берилган, бир қатор жиноятларда айбланган шахс Дубайда қарийб 8 млн долларлик кўчмас мулкка эгалик қилиб турибди. Яна бир жиҳати қидирувга берилганига 6 йил бўлган Алишер Қодиров ҳали ҳамон топилмаган ва қўлга олинмаган. Унга нисбатан эълон қилинган қидирувнинг ҳолати қандайлиги аниқ эмас, чунки Ички ишлар вазирлигининг расмий сайтидаги қидирувдаги шахсларни кўриш платформаси анчадан бери ишламайди ва синов режимида. Бу вақтда эса Қодиров бемалол Дубайдан данғиллама саройлар харид қилиб юрибди. Шу ўринда ўзбек халқининг пул бўлса, чангалда шўрва деган мақоли беихтиёр хаёлимизга келади. Хулоса ўзингиздан. Изоҳларда ўз фикрингизни қолдиринг. Воқеалар ривожини QALAMPIR.UZ’да кузатинг.
LiveБарчаси