Суровикин ва 12 офицер ҳибсга олинган – WSJ
Олам
−
14 Июль 2023
16141Россиялик генерал Сергей Суровикин ва яна 12 нафар зобит Пригожин исёни билан алоқадорликда гумонланиб, ҳибсга олинган бўлиши мумкин. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” манбаларга таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, Суровикин муваффақиятсиз исёндан бир неча соат ўтгач, ҳибсга олинган ва ҳозирда Москвада сақланмоқда. У ҳеч қандай жиноят содир этганликда айбланмаган.
Хабарларга кўра, Суровикин қамоқхонада сақланмаяпти, бироқ унинг қўзғалонга алоқадорлиги маълум бўлганидан буён кўп марта сўроқ қилингани айтилмоқда.
Аноним манбалардан бирининг таъкидлашича, Суровикин Пригожин исён кўтариши ҳақида олдиндан билган, аммо унда иштирок этмаган. Путин уни исён оқибатлари бартараф этилганидан кейингина озод қилиши мумкинлиги тахмин қилиняпти.
Нашр хабарига кўра, ҳаммаси бўлиб 13 нафар юқори мартабали офицер ҳибсга олиниб, улардан бир нечтаси қўйиб юборилган. Шунингдек, яна 15 нафар офицер вазифасидан олинган.
Вақтинча ҳибсда сақланиб, кейинроқ қўйиб юборилганлардан икки нафари Суровикиннинг ўринбосари Андрей Юдин ва ҳарбий разведка бошлиғи ўринбосари Владимир Алексеевлар экани айтилган. Шунингдек, уларнинг ичида собиқ Мудофаа вазири ўринбосари Михаил Мизинцев ҳам бор. У жорий йилнинг апрель ойи охирида “Вагнер”га қўшилган. Украина урушида Мариуполни эгаллаш учун аҳоли турар жойларни портлатишга буйруқ бергани учун “қассоб” лақабини олган.
Россия Мудофаа вазирлиги нашрнинг мазкур мақоласига изоҳ беришдан бош тортган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ исёндан бир неча кун ўтиб, Суровикин ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлар “The Moscow Times”да ҳам чиққанди. Яқинда Россия Мудофаа вазирлиги томонидан бу хабарлар рад этилиб, Суровикиннинг таътилда экани айтилди. Бироқ генерал ҳамон кўриниш бергани йўқ.
Пригожиннинг бир кунлик исёни
Жорий йилнинг 24 июнь куни “Вагнер” жангчилари Ростовдаги Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасини эгаллаб олди. Пригожин Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов “Вагнер”га топширилишини талаб қилиб, Москвага боришини эълон қилди. Бу орада Москвада ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати эса Пригожинга қарши жиноий иш қўзғатди. Кечга бориб Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Россия Федерацияси Президенти билан келишилган ҳолда “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин билан музокара олиб боргани маълум бўлди. Музокаралар якунида Россия ҳудудида қуролли ҳаракатларни тўхтатиш ва кескинликни юмшатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Пригожин ҳам Москвага кетаётган қўшинлари ортга қайтарилганини маълум қилди.
LiveБарчаси