Сурхондарёдаги қишлоқда бўрилар пайдо бўлди
Жамият
−
13 Декабрь
4414Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги баъзи қишлоқларда тоғдан бўрилар тушиб келди. Бу ҳақда Сурхондарё вилоят Экология бошқармаси маълум қилди.
Билдирилишича, бўрилар қишлоқларда кезиб юргани ҳақидаги ижтимоий тармоқда тарқалиб кетган видеолар жорий йилнинг 7 декабрь куни кечки пайт Сариосиё тумани “Зайнобод” қишлоғи “Маржона” маҳалласида тасвирга олинган.
Қайд этилишича, Сариосиё тумани тоғли ва тоғ олди ҳудудларида ҳаво совиб кетганлиги сабабли ёввойи ҳайвонларнинг бошқа ҳудудларга тушиб келиш ҳолатлари кузатилиши мумкин.
“Бундай ҳолатларда аҳолидан ортиқча ваҳимага тушмасликлари, ҳайвонларга ўзбошимчалик билан зарар бермаслиги ҳамда ёввойи ҳайвонларни кўрган вақтида Сариосиё тумани Экология инспекциясияси ёки туман Ички ишлар бўлими маъсулларига хабар берилиши маълум қиламиз”, дейилади хабарда.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда Сариосиё тумани ҳудудида йўлбарс ёввойи ҳайвони юргани ҳақида ҳам видеолар тарқалганди, лекин вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ушбу хабарлар ёлғон эканини, Сариосиё туманида деб айтилаётган видеотасвирлар аслида Россия Федерациясининг Кемерова шаҳри яқинида олинганини маълум қилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон ҳудудида шу жумладан, Сурхондарё вилоятида ҳозирги кунда йўлбарс ҳайвони мавжуд эмас. Сариосиё тоғларида жойлашган “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғида жайра, қўнғир айиқ, қор қоплони , олакўзан, Ўрта Осиё қундузи, олмахон, Сибир тоғ эчкиси, типратикан, Туркистон силовсини, бўри, тулки, бўрсиқ, қизил суғур, тоғ сувсари, қуён, ёввойи чўчқа каби ёввойи ҳайвонлар бор.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг апрель ойида Қашқадарё вилояти Кўкдала туманидаги қишлоқлардан бирига бўри келиб қолганди.
LiveБарчаси