Сурхондарёда юк машинасига 52,5 кг наркотик яширган шахс ушланди (видео)
3-саҳифа
−
18:57 696 2 дақиқа
Сурхондарё вилоятида хизмати ити юк машинасига яшириб қўйилган 52 килограммдан зиёд гиёҳвандлик воситаларини фош қилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Айритом” чегара божхона пости ходимлари ва Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан вилоят божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда ички ишлар органлари вакиллари билан ҳамкорликда йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини олиб киришга бўлган уриниш бартараф этилган.
Жорий йилнинг 1 октябрь куни соат 22:30 да Афғонистондан “Айритом” чегара божхона постига кириб келган бўш юк автотранспорт воситаси божхона назоратидан ўтказилган. Назорат жараёнида кинолог хизмат итининг транспорт воситасига нисбатан белги бериши божхона ходимларининг эътиборини тортган. Шундан сўнг, 1993 йилда туғилган, Термиз туманида истиқомат қилувчи фуқаро бошқарувидаги мазкур юк автомашинаси чуқурлаштирилган божхона назоратидан ўтказилган. Натижада транспорт воситаси тиркамасининг пол қисми тагига хуфиёна яширилган 98 дона ўрам аниқланган.
Божхона постидаги йирик инспексион рентген қурилмасини чалғитиш мақсадида ўрамлар полиэтилен, зарқоғоз ва скотч ёрдамида тўрт қат қилиб қадоқланган. Ўрамлар белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, уларнинг 79 донасида “гашиш”, 19 донасида эса “опий” гиёҳвандлик воситаси жойлангани маълум бўлган. Процессуал тартибда олиб қўйилган гиёҳвандлик воситаларининг ўрами билан биргаликдаги оғирлиги 42 кг 335 грамм “гашиш” ҳамда 10 кг 260 грамм “опий”, жами 52 кг 595 граммни ташкил этган.
Ҳисоб-китобларга кўра, олиб қўйилган гиёҳвандлик воситалари салкам 340 минг дозани ташкил этади. Бу эса минглаб инсонлар, айниқса ёшлар саломатлиги ва келажагига жиддий хавф солиши мумкин эди.
Маълумот учун, жорий йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда 1,9 тоннадан зиёд гиёҳвандлик воситаларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилиши ҳамда ички ҳудуддаги яширин айланмасига чек қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Қибрай туманида фуқаронинг хонадонидан 1 килограмм “марихуана” гиёҳвандлик воситаси топилганди.
Live
Барчаси