Сурхондарёда ўрта асрларга оид ёдгорлик молхона қуриш учун бузиб ташланди
3-саҳифа
−
27 Март
8006Сурхондарё вилояти Денов туманидаги V-VII асрларга оид ёдгорлик молхона қуриш учун бузиб юборилгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, прокуратура органлари томонидан Маданий мерос агентлиги билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда Денов туманидаги V-VII асрларга оид Каттатепа археологик ёдгорлигининг 876 метр куб майдони фуқаро З.Ҳ. ва бошқалар томонидан молхона қуриш учун бузиб юборилиб, ёдгорликка 23,3 млрд сўмлик зарар етказилгани аниқланган.
Шунингдек, Навоий вилоятидаги Оқтепа-1 археология ёдгорлигининг 193 метр куб тупроғи 3 нафар фуқаро томонидан ўзбошимчалик билан ковлаб олиниб, ёдгорликка 2,6 млрд сўмлик, Бадахшонтепа археология ёдгорлигининг 164 метр куб ҳудуди экин майдонига айлантирилгани оқибатида 2,3 млрд сўмлик, Ёмонқиёттепа ёдгорлигининг 12 метр куб майдони ковлаб олингани оқибатида 163 млн сўмлик зарар етказилган.
Шу каби, Наманган вилояти Уйчи туманида ўрта асрларга оид Толмозортепа археология ёдгорлигининг 0,48 гектар қисми фуқаро А.К. томонидан техника ёрдамида текисланиб, ёдгорликка 871 млн сўмлик зарар етказилган.
Қайд этилишича, аниқланган ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, мазкур жиноий қилмишлар қонунчиликда асосан оғир жиноят ҳисобланиб, айбдор шахсларга нисбатан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.