Сурхондарёда шифохонадаги аёл терговга олиб кетилганига изоҳ берилди (видео)

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Бойсун тумани прокурори шифохонада ётган аёлни сўроққа чақиргани ҳақида видеолавҳа тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси расмий муносабат билдирди.

Аниқланишича, Тез тиббий ёрдам Бойсун тумани бўлими собиқ бошлиғи К.А. ва катта ҳамшира Г.Р. 2019-2022 йилларда ўзларининг ихтиёрида бўлган жами 220,7 млн сўм иш ҳақини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган. Мазкур ҳолат юзасидан жорий йилнинг 10 июнь куни Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг туман бўлими томонидан уларга нисбатан Ўзбекиcтон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди ҳамда 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ўтказилган дастлабки тергов жараёнида жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган Г.Р. соғлиғи ёмонлашганлигини рўкач қилиб, 2023 йил 3 август куни соат 15:30 да туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган. Шу куни бирлашманинг реанимация бўлими бошлиғи врач-реаниматолог томонидан Г.Р.га невроз циркулятор дистония аралаш тури ҳамда астеноневротик синдроми каби ташхислари қўйилиб, унинг умумий аҳволи қониқарли деб топилган.

Шундан сўнг 4 август куни Сурхондарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси врач-невропотологи томонидан Г.Р. кўрикдан ўтказилиб, унинг умумий аҳволи қониқарли деб топилган ва унда бирор-бир потологик рефлекслар касаллиги аниқланмаган. 5 август куни соат 16:45 да Г.Р.нинг соғлиғи қониқарли бўлганлиги сабабли уйига жавоб берилган.

Тергов давомида, жиноят иши бўйича етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги сабабли айбланувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилмаган.

“Г.Р.нинг касал ҳолида сўроқ қилиш тергов ҳаракатига жалб этиш учун туман прокуратурасига олиб борилгани ҳолати рад этилади. Ҳозирда туман прокуратураси томонидан жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади муносабатда.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурхондарё тергов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг